09:55 / 28.02.2019
7346

Хитойда миллиардерлар сони 213 нафарга қисқарди 

Фото: Edgar Su / Reuters

2018 йилда дунё миллиардерлари рўйхатидан 430 нафар киши чиқиб кетди, бу қийматдан деярли ярми (213 нафари) Хитойга тўғри келган. Бу ҳақда Хитойнинг Hurun тадқиқот компанияси ҳисоботида айтилган. Бунга асосий сабаб сифатида Хитой фонд биржаларида котировкалар ва юань курси пасайиши келтирилган.

Шу сабабларга кўра, Хитойда ва Ҳонконгда миллиардерлар сони мос равишда 148 ва 17 нафарга камайган, Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Катта Хитойда (Тайван ва Ҳонгконг билан бирга) 2019 йил январь охирида 658 миллиардер бўлган. Уларнинг сони АҚШдагидан (584 нафар) 74 нафарга кўпроқни ташкил қилмоқда. АҚШда эса аксинча бир йил ичида миллиардерлар сони 13 нафарга кўпайди. Пекиндаги миллиардерлар сони 28 нафарга қисқарганига қарамай, у дунёнинг миллиардерлар пойтахти бўлиб қолмоқда. Айни вақтда Пекинда 103 миллиардер, Нью-Йоркда эса 92 миллиардер яшайди.

Ҳисоботда таъкидланишича, аҳолиси дунё аҳолисининг 20 фоизини ташкил қилувчи Хитойга барча миллиардерларнинг 27 фоизи тўғри келади. Хитой фонд биржасида вазият яхшиланса, уларнинг сони кескин ошиши мумкин.

Ҳисобот муаллифлари хитой миллатига мансуб бўлган миллиардерлар умумий сонига алоҳида эътибор қаратишган. Ҳисоб-китобларга кўра, январь охирида уларнинг сони дунё бўйича 716 нафарни ташкил қилган. 

Катта Хитой ташқарисида хитой миллатига мансуб миллиардерлар энг кўп Сингапурда (21 нафар) ва АҚШда (12) яшайди. 

Умуман олганда, ҳозирда дунёдаги миллиардерлар сони 2470 кишини ташкил қилмоқда. 

Top