Жамият | 21:50 / 03.03.2019
30510
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада мактаб ўқувчиси номаълум кимёвий модда ютиши оқибатида вафот этди

Жорий йилнинг февралида Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Ўқчи МФЙ, Ўқчи-дашт қишлоғидаги 17-мактабнинг 9-синф ўқувчиси номаълум кимёвий моддани қабул қилиши оқибатида вафот этган.

ОАВда тарқалган хабарларда унга мактабдошлари мажбурлаб карбид моддаси юттиришгани, у уйига бориб сув ичгач, ўзини ёмон ҳис қила бошлагани ва шифохонада жон бергани айтилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz мухбирига маълум қилишича, шу қишлоқдаги Сой бўйи кўчаси 104-уйда яшовчи, 2003 йилда туғилган С.А. ўзи яшаган хонадонда номаълум кимёвий моддани эҳтиётсизлиги оқибатида ичиб юбориши натижасида туман марказий шифохонасига олиб келинган.

«Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. 18.02.2019 йил куни судга оид тиббий экспертизаси ҳамда олинган номаълум кимёвий модда бўлаги таркибини аниқлаш бўйича судга оид кимёвий экспертизалар тайинланган.

Судга оид тиббий экспертизанинг 19.02.2019 йил кунги №63-сонли хулосасида вояга етмаган С.А.да геморрогик перитонит ва ошқозон деворлари бутунлиги бузилиши билан кечган ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакнинг бир қисми кимёвий куйиши бўлиб, бу оғиз орқали қабул қилинган кимёвий модда таъсири натижасида юзага келгани қайд этилиб, ушбу жароҳатлар ҳаёт учун хавфли оғир шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан вояга етмаган С.А.нинг ўзи тушунтиришида, 17-сонли умумтаълим мактабининг 10-а синфида ўқийдиган М. исмли ўқувчи номаълум дори моддасини бериб, ичиши кераклигини айтганини ва кейин номаълум дори моддасини яшаш хонадонига келиб ичганини билдириб ўтган. 

Бундан ташқари, ҳолатни ҳар томонлама текшириш мақсадида 20.02.2019 йил куни вояга етмаган С.А. ўқиган тумандаги 17-сонли умумтаълим мактабининг кимё лаборатория хонасида мавжуд моддаларнинг сақланиши қонунийлигини ўрганиш юзасидан вилоят ХТБга текширув тайинланган.

Терговга қадар текширув давомида 26.02.2019 йил куни вояга етмаган С.А. туман шифохонасининг реанимация бўлимида вафот этган ва шу кундан унинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган», дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид