Жаҳон | 12:12 / 08.03.2019
8198
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий қуролсизланиш муддати ҳақида маълумот берди

Фото: EPA

Корея ярим оролининг ядросизланиши Дональд Трамп президентлигининг биринчи муддати тугашига қадар якунланади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти вакили журналистларга брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, ядровий қуролсизланиш масаласи бўйича иш ушбу муддатлар асосида амалга оширилмоқда. Давлат департаменти вакилининг қайд этишича, Вашингтон маъмуриятида белгиланган режаларга эришиш учун етарлича вақт бор.

Трампнинг президентлик лавозимидаги муддати 2021 йил 20 январда тугайди. Шу билан бирга, Америка етакчиси 2020 йилги сайловларда ғалаба қозонишига ишонч билдирган. Бу ҳолатда, иккинчи муддат 2025 йил 20 январда якунига етади.

Бундан олдин, Давлат департаменти Ким Чен Иннинг ваъдаси ҳақида маълум қилганди.

Давлат департаментининг юқори мартабали вакили маълум қилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Инга КХДР Сохэ ракета полигонини йўқ қилиши ҳамда у ерга халқаро инспекторларнинг киришига имкон яратиши тўғрисида ваъда берган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид