Жаҳон | 22:57 / 08.03.2019
15803
2 дақиқада ўқилади

Швейцарияда янги банкнота чиқарилгани ҳақидаги хабар эронликларни ранжитди

Швейцариянинг Эрондаги элчихонасининг твиттерда минг швейцар франки қийматида янги банкнота чиқарилгани ҳақидаги хабари эронлик фойдаланувчиларни ранжитди. Уларнинг фикрича, ушбу хабар Эрондаги оғир иқтисодий вазиятни эсга солиш ҳисобланади. 

Элчихона вакиллари янги купюранинг муомалага киритилишини эълон қилиб, ушбу банкнота 120 млн Эрон риалига тенглигини айтиб ўтишган. “Бундай бир банкнотага сиз 33 кг хандон писта, метрода 13 минг марта юришга чипта ҳамда Эрон заъфаронидан 2 кг сотиб олишингиз мумкин”, дейилган хабарда.

Кўпчилик эронликлар икки давлат валюталарининг бундай таққосланишини ҳақоратомуз деб топишган, чунки Эрон АҚШ томонидан кучли иқтисодий босим остида турибди, бу эса мамлакат иқтисодиётининг заифлашишига олиб келган.

“Жорий иқтисодий вазиятда биз оғир вазиятимиз ҳақида эслатишларини эмас, балки ҳамдард бўлишларини кутамиз”, деб ёзган фойдаланувчилардан бири. 

Швейцария элчихонаси ходимлари ушбу воқеа юзасидан ўз узрларини келтирганлар ва ҳеч кимни ҳақорат қилишни истамаганликлари, шунчаки янги купюрага нима сотиб олиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлишганини айтишган. “Шундай таққослашни Швейцария билан ҳам амалга ошириш мумкин. Аслида гап маҳсулотларннг нархи ҳақида борган”, дейилган элчихонада.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид