Самарқандда МИБ хатловидаги мулкдан ноқонуний фойдаланилаётгани аниқланди
Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш марказининг e-auksion савдо майдончасида №0054791-сонли лот билан жойлаштирилган Самарқанд шаҳридаги «Автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси» билан яқиндан танишиш пайтида манзилда суюлтирилган газ билан лицензиясиз ноқонуний савдо фаолияти амалга оширилаётганлигини аниқланди, деб ёзади самарқандлик блогер ва журналист Мирзо Субҳонов.
Блогер сўзининг исботи сифатида 14 март куни АСГҚ шохобчасидан 5 литр суюлтирилган газ сотиб олганлик тўғрисидаги товар чекини тақдим этган. Берилган савдо чекида тўлов терминали Тайлоқ туман Қўрғонча қишлоғи манзилида жойлашган «Sarvinoz Gaz Servis» МЧЖга тегишли эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Самарқанд шаҳри Чўпон ота маскани 50-А уй манзилида жойлашган «IXDINAR» МЧЖга тегишли бўлган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 11.06.2018й. №4-1401-1802/975 – сонли ҳал қилув қарорига асосан корхонанинг давлат олдидаги қарздорлигини сўндириш мақсадида Самарқанд шаҳар МИБ томонидан хатланиб, сотиш учун «E-IJRO» ягона электрон савдо майдончасига жойлаштирилган.
Ушбу мулкнинг бошланғич баҳоси 2,1 млрд сўм қийматда белгиланган бўлса-да, талабгор йўқлиги туфайли савдодаги бошланғич нархи 1,3 млрд сўмгача камайтирилган.
Блогернинг газ қуйиш шохобчасидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги юзасидан Самарқанд шаҳар МИБга мурожаати ортидан ундан фойдаланишдан бас қилиниб, яна қайтадан муҳрланган.
Kun.uz мазкур АСГҚШни 15 март куни бориб ўрганди. Шохобча ёпиқ, барча ускуналар Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ижрочиси Д.Сатторов томонидан имзоланиб, муҳрланган. Аммо муҳрланган қоғозларда сана кўрсатилмаган.
Биз йиртиб ташланган эски муҳр изларини ҳам кўрдик.
Самарқанд вилоят МИБ мутасаддиларининг Kun.uz’га тушунтиришича, Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 17.04.2017 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳакамлик судлари ассоциацияси Қашқадарё вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг 15.02.2017 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 1.942.094.875 сўм қарз ундириш тўғрисидаги, Самарқанд вилоят хўжалик судининг 23.02.2017 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 502.407.710,64 сўм асосий қарз ва 2.512.038 сўм ҳакамлик йиғими ундириш тўғрисидаги, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 20.02.2018 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 15.391.017 сўм пеня ундириш тўғрисидаги, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 23.03.2018 йилдаги қарздор «Ихдинар» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 1.136.108.569 сўм қарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ижро иш юритувига 18.05.2017 йилда келиб тушган ва шу куннинг ўзида ижро иши юритишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг «ИнвестФинансбанк» АТБ Самарқанд вилоят филиалидаги ҳисоб рақамларининг чиқим қисмига банд солинган.
Қарздор «ИХДИНАР» МЧЖга тегишли бўлган мол-мулкларни қидириш мақсадида тегишли ташкилотларга сўров хатлари юборилган.
Мутасадди идораларга юборилган сўров хатлари асосида олинган маълумотларга кўра, қарздорга тегишли бўлган Автомобилларга газ қуйиш шохобчаси, ЗИЛ 130-АЦТВ русумли, давлат рақам белгиси 30 105 ЕАА бўлган газ ташувчи автотранспорт воситаси, 19 турдан иборат насос, задвижкалар, қайта уланиш клапанлари, бошқарувчи клапанлар, бурчакли вентиллар борлиги аниқланган ва ижро ишлари юзасидан амалга оширилган ижро ҳаракатлари жараёнида хатланган.
Хатланган мол-мулклар «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилган бўлиб ушбу мол-мулклар харидорлар томонидан қизиқиш билдирилмаганлиги, сотилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 56-моддасига асосан мол-мулкларни бошланғич сотув баҳосидан 10% камайтирилган суммада ўзида қолдириш учун ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖга таклиф хати берилган.
Ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ 24.09.2018 йилдаги №А04/ШЖ-6282-сонли жавоб хати билан таклиф қилинган мол-мулкларни ўз баланс ҳисобига олишдан воз кечган.
Ундирувчига ижро ҳужжати ижро этилаётганда қарздорнинг сотилмаган мол-мулкини ўзига олишдан воз кечганлиги сабабли ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариб, ижро иши юритуви тамомланган.
Вилоят МИБ бошлиғи ўринбосари У.Бутуновнинг Kun.uz мухбирига тушунтиришича, қарздорнинг хатланган мулки электрон аукцион орқали савдога чиқарилгач, у сотилмаса, ундирувчига таклиф этилади. Агар у ҳам олишдан воз кечса, ижро иши якунланиб, мулк яна эгасига қайтарилади.
Хуллас, бир марта аукционга чиқарилиб, эгасига қайтарилгач, «ИХДИНАР» МЧЖга тегишли бўлган шохобча, автомобиль ва юқорида санаб ўтилган ускуна ва жиҳозлар Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 11.06.2018 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи Самарқанд шаҳар ДСИ фойдасига 49.440.769 сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатига асосан рўйхатга олинган ва МЧЖга тегишли бўлган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси давлат ижрочисининг 19.11.2018 йилдаги қарорига асосан «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилган.
Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 17.04.2017 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳакамлик судлари ассоциацияси Қашқадарё вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг 15.02.2017 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 1.942.094.875 сўм қарз, Самарқанд вилоят хўжалик судининг 23.02.2017 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 502.407.710,64 сўм асосий қарз ва 2.512.038 сўм ҳакамлик йиғими, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 20.02.2018 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 15.391.017 сўм пеня ундириш тўғрисидаги, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 23.03.2018 йилдаги қарздор «ИХДИНАР» МЧЖдан ундирувчи «Шўртаннефтгаз» МЧЖ фойдасига 1.136.108.569 сўм қарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ижро иш юритувига 21.02.2019 йилда қайта келиб тушган ва шу куннинг ўзида ижро иши юритишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.
Шунингдек, қарздор «ИХДИНАР» МЧЖга тегишли бўлган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси 14.03.2019 йилда бориб кўздан кечирилганда давлат ижрочиси томонидан қўйилган муҳрлар узилганлиги аниқланиб, қарздорга тегишли бўлган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси давлат ижрочиси томонидан 14.03.2019 йилда қайта муҳрланган.
«Ҳозирги кунда ушбу ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қиламиз», — дейилади Самарқанд вилоят МИБ тушунтиришида.
Биз мазкур шохобчада суюлтирилган газ билан савдо қилган «Sarvinoz Gaz Servis» МЧЖ вакиллари билан ҳам суҳбатда бўлдик.
— «ИХДИНАР» МЧЖнинг бизнинг ташкилотимиз олдида ҳам қарзи бор. Биз уларни судга бермасдан, ўзаро келишув асосида бу шохобчадан ижара асосида фойдаланиб, «ИХДИНАР» МЧЖнинг солиқ ва бошқа коммунал тўловларни тўлаш орқали, ишчиларига маош бериш, шунингдек, ижара ҳақи ҳисобига ўртадаги қарзни камайтиришга келишган эдик. Иш бошлаганимизга энди икки ой бўлди. Бу шохобча бизга тақдим этилганида муҳрланмаган эди, — дейишди «Sarvinoz Gaz Servis» МЧЖ вакили.
Ҳозирча Самарқанд шаҳар МИБ томонидан, аукционга чиқариш учун хатланган мол-мулк ишлатилганлиги, мазкур масканда бошқа ташкилот томонидан савдо олиб борилгани учун тегишли жазо чоралари кўрилганлиги ҳақида ахборот олмадик.
МИБ Самарқанд вилоят бўлимининг тушунтиришида мажбурий ижро ҳаракатлари давомида «ИХДИНАР» МЧЖнинг «Инвест Финанс банк» АТБ Самарқанд вилоят филиалидаги ҳисоб рақамларининг чиқим қисмига банд солинганлиги маълум қилинган. Бу ҳолда, шохобчада электр энергияси учун олдиндан тўловлар қай тарзда амалга оширилгани ҳам қизиқ.
Kun.uz ушбу масалага ҳам албатта ойдинлик киритади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
P.S. Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлимининг Kun.uz’га маълум қилишича, қарздор «ИХДИНАР» МЧЖ раҳбари Рустам Насимов томонидан унинг зиммасига муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбариятини юкловчи ижро ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра давлат ижрочиси томонидан унга юклатилган талабларни бажарилмаганлиги сабабли давлат ижрочисининг 15.03.2019 йилдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198(1)-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида яъни 2 млн. 27 минг 300 сўм жарима жазоси қўлланилган.
Қарздор «ИХДИНАР» МЧЖнинг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги 2019 йил 19 март ҳолатига 1 млн. 993 минг сўмни ташкил қилиши маълум қилинган.
Бугунги кунда қарздор «ИХДИНАР» МЧЖнинг фаолияти давлат ижрочиси томонидан тўхтатилганлиги, фаолият кўрсатмаётганлиги ва ҳозирги кунда ушбу ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилинган.
Мавзуга оид
13:29
МИБ Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик қилади
16:43 / 27.11.2024
Самарқандда ҳисобчи тадбиркорнинг 6,4 млрд сўмини онлайн қиморда ютқазиб қўйди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024