11:20 / 24.03.2019
17397

Малида 134 киши ўлдириб кетилди

Фото: AFP

Малида фулани элатига мансуб 134 киши ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Таъкидланишича, донзо элатига хос кийимларда бўлган жиноятчилар 23 мартга ўтар кечаси Огассагу ва Велингара қишлоқларидаги деҳқонларга ҳужум қилган. Огассагу қишлоғи тўлиқ йўқ қилинган, қурбонлар орасида болалар, чоллар ва аёллар бор.    

Тахминлардан бирига кўра, ҳужум Мали армиясининг 23 аскари ўлимига ўч олиш бўлган. Аскарлар маҳаллий радикал гуруҳ томонидан уюштирилган пистирмага тушиб ҳалок бўлган.  

Шунингдек, элатлараро тўқнашувлар эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти: шунга ўхшаш воқеа 2 январда ҳам юз берган. Ўшанда донзо элатига мансуб кийимларда бўлган одамлар фулани элатининг 37 вакилини ўлдирган.

Таъкидланишича, ушбу ҳужум мамлакатга БМТ Хавфсизлик кенгаши делегацияси келган пайтда юз берди. БМТ миссияси фаолияти юзлаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган ўтган йилги зўравонликлар билан боғланган. 

Малида 2012 йилдан бери вазият беқарор бўлиб қолмоқда. Ўшанда туарег элатига мансуб исёнчилар ва бир гуруҳ жангарилар мамлакат шимолини босиб олиб, у ерда Азавад давлатини ташкил этган. 2013 йилда Франция Малига қўшин олиб кириб, ушбу ҳудудни яна Мали ҳукумати назоратига қайтарган. 

Top