Ўзбекистон | 16:05 / 26.03.2019
15459
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини жалб қилиш тўғрисидаги низом тасдиқланди 

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларни олиш бўйича онлайн-майдонча ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани олган чет эллик юқори малакали ва малакали мутахассислар даромадларидан тўланадиган солиқлар суммалари бўйича мунтазам камерал назорат олиб боради;

жисмоний шахслар даромадларидан тўланадиган солиқ суммасининг тегишли тоифадаги мутахассислар учун белгиланган иш ҳақига (мукофотга) мувофиқ эмаслиги аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини режадан ташқари қисқа муддатли текшириш зарурати ҳақида ёзма мурожаатлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келадиган чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда рухсатнома ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олгач, уларга кириш визаларини бериш ҳамда узайтириш вазифаси юкланди.

Низомга кўра, у қуйидаги тоифадаги чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди:

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4008-сон қарори 5-бандининг “а” кичик бандида кўрсатилган шахсларга;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказилган хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлари ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари, шунингдек, дипломатик мақомга эга бўлган бошқа шахсларга;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси илтимосномаларига кўра, туризм соҳасидаги ишларга уч ойгача бўлган муддатга жалб қилинадиган мутахассисларга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган ёки ташкил этиладиган хорижий ва қўшма корхоналар таъсисчиларига уч ойгача бўлган муддатда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлатлараро битимларга мувофиқ ташкил этилган ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фан ва маданият арбобларига;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг дастурлари доирасида таътил вақтида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабалар;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказилган матбуот вакиллари;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ва хорижий нодавлат (ҳукуматга қарашли бўлмаган) нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ҳамда филиалларининг ходимлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Президент мактаблари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган ўқитувчилар ва мутахассисларга;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олган шахсларга;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ишга жойлаштиришнинг бошқа тартиби белгиланган шахсларга.

Билдирилишича, иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини рухсатнома олмай жалб қилиш тақиқланади.

Юқори малакали ва (ёки) малакали мутахассисларни, шунингдек, Президент мактаблари, олий таълим муассасаларида ишлаш учун ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этишда иш берувчининг рухсатнома олиши талаб этилмайди.

Рухсатнома иш берувчига унда кўрсатилган сон ва мутахассисликлар (лавозимлар) учун бир йил муддатга берилади. Бунда иш берувчи томонидан сўралаётган чет эл фуқароларининг сони ва мутахассислиги (лавозимлари) унинг ишчи кучига бўлган амалдаги эҳтиёжига мос келиши керак.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқнома олмасдан меҳнат фаолиятини амалга ошириши тақиқланади.

Рухсатнома ва тасдиқнома бериш тартиб-таомилини амалга оширишда:

а) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномалар беради;

б) ҳудудий меҳнат органлари тасдиқномалар бериш учун ўз хулосаларини Агентликка юборади.

Давлат хизматлари марказлари, Агентлик ҳамда ҳудудий меҳнат органлари ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (ЭРИ) албатта қўллаган ҳолда, фақат идоралараро электрон ҳамкорлик воситаси орқали амалга оширилади.

Рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномалар олиш учун иш берувчиларнинг тақдим этилган ҳужжатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва улар бўйича холис қарор қабул қилишни таъминлаш мақсадида Агентлик раҳбарининг буйруғи билан Агентлик ходимлари орасидан 7 кишидан кўп бўлмаган таркибда комиссия тузилади.

Рухсатномалар ва (ёки) тасдиқномаларни бериш (узайтириш) ёки беришни (узайтиришни) рад этиш тўғрисидаги қарор комиссия томонидан унинг аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва комиссия мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади.

Иш берувчи рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади.

Электрон шаклда рухсатнома олиш учун иш берувчи Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) ёки хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларни олиш учун онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.

Аризани кўриб чиққанлик учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғимлар суммалари қуйидаги тартибда тасдиқланади:

20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар Агентликнинг банк хисобварағига ўтказилади.

Қуйидагилар рухсатнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

аризада ишончсиз маълумотларни кўрсатиш;

иш берувчи томонидан сўралаётган чет эл фуқаролари сони ва мутахассисликларининг (лавозимларининг) унинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжига мос келмаслиги;

чет эл фуқаролари меҳнат шартномаси бўйича ишга белгиланган тартибда рухсатномалар ва тасдиқномалар олмай қабул қилинган ҳолатлар мавжуд бўлганда.

Рухсатнома беришни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

Мавзуга оид