Ўзбекистон | 10:15 / 28.03.2019
16439
2 дақиқада ўқилади

Солиқ кодекси ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунга тузатишлар киритилди

Солиқ кодекси ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди (20.03.2019 йилдаги ЎРҚ–531-сон Қонун), деб ёзмоқда Norma.

Солиқ кодексининг 96-моддасига киритилган аввалги тузатишлар натижасида иккита ҳолатда солиқ тўловчининг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳам суд тартибида, ҳам солиқ органларининг қарорлари асосида амалга оширилиши мумкин эди.

Бунда қуйидаги асослар ҳақида сўз бормоқда:

•  солиқ тўловчининг қайд этилган манзилда бўлмаслиги;
•  солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаслиги.

Бундай вазиятларда солиқчилар қачон судга мурожаат қилишлари, қачон суддан ташқари тартибда ўзлари қарор қабул қилишлари ҳақида аниқ тасаввур йўқ эди. Моҳиятан олганда, бу солиқ органларининг ўз ихтиёрига боғлиқ эди.

Вазият ўзгарди, навбатдаги ўзгартиришлар ойдинлик киритди. Солиқ органларининг судга мурожаат қилиш ёхуд суддан ташқари тартибда тўхтатиб туриш асослари қатъий чекланди.

Қонун 21.03.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид