Жаҳон | 23:11 / 02.04.2019
6542
2 дақиқада ўқилади

Россияда илк бор давлат рамзларини таҳқирлаш ҳақидаги қонун қўлланди

Фото: nao24.ru

Россия бош прокуратураси илк бор давлат рамзларини таҳқирлашга йўл қўйиб бўлмаслик ҳақидаги қонунни қўллади. 

Бош прокуратура Роскомнадзордан Ярославл оммавий ахборот воситаларидан Россия президенти Владимир Путин ҳақидаги ҳақоратомуз граффити ҳақидаги янгиликнинг ўчирилишига эришишни талаб қилган.  

Янги қонунга кўра, бош прокуратура Роскомнадзорга “Путин ҳақидаги маълумот ўчирилмаса, уни тарқатувчи ахборот ресурсларига киришни чеклаш талаби билан” мурожаат қилиши керак бўлган.

Ўчирилган хабарларда 31 мартга ўтар кечаси Ярославл ички ишлар бошқармаси биносида пайдо бўлган граффити ҳақида гапирилган. Бинонинг устунларида Путин номига ҳақоратли сўзлар қолдирилган бўлган. Ярославлнинг бир нечта нашри ушбу хабарни ўчириб ташлагани, бироқ Роскомнадзордан ҳеч қандай расмий сўров олмаганини таъкидлаб ўтган.

Ярославлдаги нашрлардан бири “Яркуб” уларга бу ҳақда Роскомнадзорнинг талаби келиб тушганини тасдиқлаган. “Роскомнадзор биздан янгиликни ўчиришни икки марта сўраган. Дастлаб материални ярим тунгача олиб ташлаш илтимоси билан мактуб йўлланган, сўнгра бош муҳаррир телефонига қўнғироқ бўлган”, деб маълум қилган нашр.

Путин томонидан 18 мартда имзоланган жамият, ҳокимият органлари ва давлат рамзларининг интернетда таҳқирланиши ҳақидаги қонун март охирида расман кучга кирган. Унинг бажарилиши учун прокуратура Роскомнадзор билан бирга жавоб беради.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид