Жамият | 18:41 / 03.04.2019
14479
2 дақиқада ўқилади

Божхона имтиёзларидан ноқонуний фойдаланиш фош этилди

Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилган “SKY TEXTILE” МЧЖ мансабдор шахсларининг қинғир ишларига чек қўйилди. 

Ушбу МЧЖ мансабдор шахслари корхона уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ноқонуний йўллар билан мулкий манфаат кўриш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, гўёки жамият ҳисобида 25 дона турли русумдаги тикув дастгоҳлари мавжудлиги, ишлаб чиқариш цехида эса 31 та ишчи-ходимлар фаолият кўрсатаётганлиги, йилига 18 мингдан ортиқ турли хил текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганлиги ҳақидаги сохта маълумотлар кўрсатилган бизнес режани «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига тақдим этиб, уюшма аъзолигига қабул қилинган.

Корхона мансабдор шахслари ўтган 2018 йил давомида умумий қиймати 939 миллион сўмдан ортиқ ҳар хил турдаги матоларни мамлакатимизга имтиёз асосида олиб келган бўлса-да, ушбу матолардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ўрнига уларни нақд пулга сотиб юборган. 

Текширув давомида сохта маълумотлар асосида иш бошлаган ушбу корхона ҳисобида ишлаб чиқариш ускуналари ҳам, ишчи ходимлари ҳам мавжуд эмаслиги ошкор бўлди. 

Ушбу МЧЖ мансабдор шахсларининг  божхона имтиёзларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишлари оқибатида 1,8 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари фош этилди. 

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид