Ўзбекистон | 08:50 / 04.04.2019
16996
3 дақиқада ўқилади

2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури маъқулланди 

Фото: Flickr

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан "Ўзкимёсаноат" АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда оптималлаштирилган ва янги истиқболли лойиҳалар билан тўлдирилган, ҳисобланган қиймати 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг, шу жумладан, 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 31 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутувчи ҳамда қуйидагиларга қаратилган 2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури маъқулланди:

азотли, фосфорли, калийли ва мураккаб минерал ўғитларни, шу жумладан, ушбу маҳсулотларни “Навоийазот” АЖ, “Самарқандкимё” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Қўқон суперфосфат заводи” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” МЧЖ негизида, шунингдек, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Навоий вилоятининг Томди туманида ишлаб чиқариш бўйича амалдаги қувватларни модернизация қилиш, кенгайтириш ҳамда энергия жиҳатидан самарадор янги қувватларни барпо этиш;

“Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда ва етакчи хорижий компаниялар иштирокида ҳамда илғор технологиялар ва замонавий инновацион ишланмаларни қўллаган ҳолда полимер маҳсулотлари, шу жумладан, полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилхлорид (ПВХ), синтетик каучук, полистирол, полиуретан, полиол, акрилонитрил-бутадиен-стирол (АБС) пластик, полиакрилонитрил (ПАН) маҳсулотларини чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;

тармоқ корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш самарадорлигини, уларнинг негизида иқтисодиёт тармоқларида талаб этилаётган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини, шу жумладан, меламин, метиламин, формальдегидли, карбамид-формальдегидли ва меламин-формальдегидли сақичлар, этилацетат, озуқа тузи, натрий бикарбонати, хлор-сирка кислотаси, натрий нитрати, бутилацетат, тринатрий фосфат, нитроцеллюлоза, металлургия, нефтгаз ва тўқимачилик саноатлари учун реагентлар, катализаторлар ва кимёвий қўшилмалар, шунингдек, полимер фитинглар, биаксил йўналтирилган полипропилен плёнкаси (БОПП), ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва уларни ишлаб чиқариш учун амалдаги моддаларни чиқариш бўйича ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Кимё тармоғида ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди:

тармоқнинг айрим корхоналари активларини маҳаллий ва хорижий инвесторларга сотиш орқали амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва кенгайтиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш;

“Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилий тузилмасини такомиллаштириш ва жамият бошқаруви органларининг мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш;

кимё тармоғи корхоналарининг фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий ҳолатини янада яхшилаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид