23:15 / 04.04.2019
16376

Фестивалга тайёргарлик: Саҳна олдида вазир ва барча вилоятлар павильони

Фото: KUN.UZ

ЮНЕСКО шафелиги остида Сурхон воҳаси, Термиз шаҳрида ўтказилаётган биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 20та давлатдан 57 нафар ижрочи, халқаро ташкилотлар, шунингдек, Афғонистон, Туркия, Тожикистон ва Қувайт ва бошқа давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этиш кутилмоқда. 

4 апрель куни фестиваль олдидан сўнгги тайёргарлик машқи ўтказилди, барча вилоятлар павильонлари ташкил этилган. Ҳудудлар миллий урф-анъаналари, бахшичилик санъати очиқ осмон остида ташкил этилган майдонда қад ростлаган саҳналарда намойиш этилиши кутилмоқда. Тадбир очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиши кутилмоқда.

80дан ортиқ давлатлардан 300га яқин иштирокчилар саралаш комиссияси томонидан кўриб чиқилди. 

Саралаш комиссияси хулосасига асосан: 

  • 20 та давлатдан 57 нафар ижрочи;
  • 12 та давлатдан 25 нафар конференция иштирокчилари;
  • 41 та давлатдан 43 нафар меҳмон;
  • 20 давлатдан 29 нафар оммавий ахборот воситаси ходимларининг таклиф этилиши юзасидан қарор қабул қилинди.

Маданият вазирлиги маълумотига кўра, танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофоти— Гран-При 7 000, 1-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 5 000, 2-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 3 500, 3-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 2 500 АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади. 

Ижрочилар «Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу ижрочиси» каби номинациялар бўйича ҳам пул мукофотлари ва махсус дипломлар билан тақдирланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, ушбу фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ўтказиб борилиши белгиланган.

Суратлар муаллифи Беҳзод Абдужабборов

Top