Жамият | 23:05 / 05.04.2019
24641
2 дақиқада ўқилади

Термизда халқаро фестиваль бошланмади, лекин...

Термиз шаҳрида илк марта ташкил этилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали 6 апрель куни расман иш бошлайди. Шунингдек, шу куни фестивалнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтиши кутилмоқда. Лекин маҳаллий аҳоли, фестивални томоша қилиш учун узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар тадбирни интиқлик билан кутмоқда. 

Термиз шаҳри марказидаги хиёбонда барча вилоятлар павильони ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида ҳунарманд усталар, халқ оғзаки ижоди ижрочилари оммавий тадбирга катта тайёргарлик кўрмоқда. Хиёбоннинг турли бурчакларидан катта саҳналар ташкил этилган, шунингдек, марказий саҳна майдонида эса фестиваль очилиш маросимига тайёргарлик ишлари якунланмоқда. 

5 апрель куни жаҳоннинг 76та давлатидан Ўзбекистонга етиб келган хорижий меҳмонлар хиёбон майдонида сайр қилиб, ўзининг қувончини яширмай, ўйин-кулгуга қўшилиб кетди. 

Kun.uz мухбири фестивалга тайёргарлик чоғида «Титаник» қўшиғини бахшиёна оҳангга ўтказиб, дўмбира чертаётган бахшилардан тортиб финляндиялик чанқовуз устасигача учратди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид