Ўзбекистон | 09:41 / 08.04.2019
8772
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ваколатлари ва жавобгарлиги белгиланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ва хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ва хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурига кўра, қуйидагиларни назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси киритилади:

Ҳукуматнинг ваколатларини, уларни амалга ошириш механизмларини аниқ тартибга солиш ва иқтисодий, молиявий, пул-кредит, инвестиция, ижтимоий, маданий-гуманитар, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология ва бошқа соҳаларда ҳамда жорий вазиятни комплекс таҳлил қилиш асосида ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятда чуқур ва таркибий қайта ўзгартиришлар амалга оширилиши ва яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда уларни стратегик ривожлантириш моделлари ишлаб чиқилиши учун унинг масъулиятини ошириш;

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ваколатларини ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш;

Ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва сиёсий партиялар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини ўтказиш, уларнинг якунлари бўйича қарорлар қабул қилиш регламенти, шунингдек, мажлисларни ўтказиш давомида кўриб чиқиладиган аниқ масалалар рўйхатини белгилаш.

Бунда Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Бажариш муддати - 2019 йил 1 июнь, масъул ижрочилар - Адлия вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид