Жаҳон | 16:10 / 09.04.2019
29392
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев яқин қўшнилар билан алоқалар энди қандай бўлиши кераклигини айтди

Фото: akorda.kz

9 апрель куни Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқуловни қабул қилди, деб хабар бермоқда мамлакат биринчи президенти матбуот хизмати. Назарбоевнинг учрашув давомида таъкидлашича, биринчи навбатда яқин қўшнилар билан муносабатларга эътибор қаратиш керак.

«Улар ишончли бўлиб қолиши керак», - деди Назарбоев.

Биринчи президентга ҳозирги фаолият ва вазирлик иши бўйича бўлажак режалар ҳақида маълумот берилган.

Назарбоев Қозоғистоннинг стратегик шериклари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кўп томонлама чора-тадбирларни амалга ошириш ва ташқи сиёсий йўналишнинг узлуксизлигини таъминлаш муҳим эканини айтган.

- Қозоғистонда жуда жиддий сиёсий ўзгаришлар юз берди. Биз бутун дунёга Конституция доирасида ҳаракат қилиб, ҳокимият тинч йўл билан ўтишини таъминлаб бераётганимизни кўрсатдик. Ушбу тадбир ҳар бир киши учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир энг муҳими - илгари ишлаб чиқилган ташқи сиёсатнинг ўзгармаслиги. Аввало, яқин қўшнилар билан муносабатларга эътибор қаратиш лозим. Улар ишончли бўлиб қолиши керак, - деди Н.Назарбоев.

Қозоғистон биринчи президенти бўлажак хорижий сафарлар ва халқаро тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш зарурлигини билдирди.

- Айни пайтда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозим. Биринчидан, Жанубий Корея президентининг Қозоғистонга ташрифи. Иккинчидан, Хитой Халқ Республикасига «Бир камар, бир йўл» форумида иштирок этиш учун сафар қилиш. Шунингдек, беш йиллигини пойтахтимизда нишонлайдиган ЕОИИ юбилей саммитига муносиб тайёргарлик кўришни таъминлаш лозим, - деди Нурсултон Назарбоев.

Бундан олдин, Дариға Назарбоева Қозоғистон президентлигига ўз номзодини қўймаслиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид