Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллаларда «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилади
Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ҳудуднинг кекса авлод вакилларидан тузилган «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилади. Бу ҳақда «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини ошириш чора-тадбирлари» мавзусидаги брифингда ахборот берилди.
2019 йил 2 апрель куни «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент Фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтининг мавқеини мустаҳкамлашга оид қатор ўзгаришлар белгиланган.
Хусусан, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда кекса авлод вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари нафақадаги ходимларининг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилади.
«Кекса авлод вакилларини ҳеч ким тингламай қўйганди. Ҳатто муҳим тадбир ва йиғинларга ҳам кексаларимизни таклиф қилмайдиган даражага бориб қолгандик. Ваҳоланки, улар катта ҳаётий тажрибага эга, ҳаётнинг паст-баландини билади. Жамият тараққиётини таъминлашда кексаларнинг маслаҳатларидан ҳам ўринли фойдалана олишимиз керак», — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқарув раиси Шавкат Жавлонов.
Шунингдек, юқоридаги фармон асосида Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда «Электрон ҳукумат» тизими доирасида «Маҳалла» электрон маълумотлар базасини ишга тушириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ўринбосарлари лавозимига сайловлар бўлиб ўтади. Оқсоқоллар ваколатларининг янги муддати уч йил этиб белгиланган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши маълумотларига кўра, маҳалла раислигига кўрсатилган номзодларнинг аксариятини истеъфодаги ҳарбийлар ташкил этади.
Мавзуга оид
08:58 / 09.04.2026
Маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашда янги модел жорий этилади
20:38 / 19.03.2026
Президент маҳалла тизимининг бир гуруҳ ходимларини тақдирлади
14:46 / 10.02.2026
Маҳаллаларда тадбиркорликни бошлаш учун 50 млн сўмгача гаровсиз маблағ ажратилади
15:31 / 24.01.2026