Ўзбекистон | 12:03 / 17.04.2019
13762
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: электр энергетикада тариф сиёсати такомиллаштирилади

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергетика тармоғида тариф сиёсатини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари;

Электр энергияси учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва 2020 йил 1 январдан бошлаб кучга киритилади.

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишларига кўра, қуйидагилар тариф сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

истеъмолчиларнинг электр энергиясидан асосланган ва рақобатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш;

электр энергетика тармоғининг молиявий барқарорлиги ва инвестиция жозибадорлигини таъминлаш;

ишлаб чиқариш қувватларини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш;

ўтиш даврида электр энергетика тармоғи ташкилотларининг операцион ва капитал харажатлари, зарур соф фойдасини тўлиқ қоплашни таъминлашга қаратилган электр энергияси учун нархни шакллантириш принципларини белгилаш;

тарифларни белгилашда такрорий субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ манзилли субсидиялар бериш орқали аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;

электр энергетика тармоғини ошкора, изчил ва олдиндан тахмин қилиш имкониятини берувчи тартибга солишни ўрнатиш, шу жумладан инвесторлар томонидан тартибга солиш таваккалчилигини ҳис қилишни камайтириш мақсадида тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини босқичма-босқич жорий қилиш;

барча гуруҳлардаги истеъмолчиларда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этгандан кейин табақалаштирилган тарифни жорий этиш;

илғор халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда, 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтиш.

Тариф сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидаги принципларга асосланади:

электр энергияси учун тарифлар операцион ва капитал харажатларни тўлиқ қоплаш, рентабелликни 10 фоиздан кам ва 20 фоиздан кўп бўлмаган оралиқда сақлаш ҳисобга олинган ҳолда, уни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш бўйича асосланган харажатлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Бунда рентабеллик электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар суммасига соф фойда миқдорини бўлиш орқали аниқланади;

электр энергияси учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади;

электр энергиясининг ягона харидори электр энергиясини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланган тарифлар бўйича сотиб олади ҳамда сотади;

аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергиясининг базавий нормасини қўллаш ҳамда электр энергияси учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади.

Қуйидагилар тариф сиёсатининг вазифалари ҳисобланади:

ўзаро мақбул тарифларни белгилаш орқали истеъмолчилар ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг манфаатларини мувозанатлаш;

инвестицияларни жалб қилиш мақсадида электр энергетика тармоғи ташкилотларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш;

рақобатни ривожлантириш ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг ишлаш самарадорлигини ошириш, электр таъминоти сифатини ошириш ва ишончлилигини таъминлаш;

электр энергияси истеъмолчилари учун тарифни белгилашда мавжуд такрорий субсидиялашдан босқичма-босқич воз кечиш ва аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларига тарифлар ошишининг таъсирини камайтириш;

тарифли тартибга солишнинг шаффофлиги, изчиллиги ва олдиндан тахмин қилиш ва тартибга солиш таваккалчиликларининг таъсирини камайтириш;

қулай инвестиция муҳитини яратиш (инвесторларга узоқ муддатли режалаштириш имконини бериш) мақсадида электр энергияси учун тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини жорий қилиш;

истеъмолчиларга маслаҳатлар беришга кўмаклашиш ва уларни тариф бўйича қабул қилинадиган қарорлар ҳақида хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида олинган фойдани (соф фойдани) инвестиция қилинган капиталга, биринчи навбатда, электр энергетика тармоғини реконструкция, модернизация қилиш ва ривожлантиришга тақсимлаш амалиётини жорий этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид