Ўзбекистон | 14:10 / 03.05.2019
2012
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклиги масалалари қонун билан тартибга солинади

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

2018 йил 20 октябрдаги «Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Қарорига асосан Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Мазкур агентлик амалга оширувчи соҳанинг асосий йўналишларини белгилаш мақсадида «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилди.

Қонунда кўрсатилишича, давлат-хусусий шериклиги давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлик ҳисобланади.

44та моддадан иборат бўлган «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунда қуйидагилар белгиланган:

—  давлат шериги ва хусусий шерик қонун олдида тенг;

—  хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик принципи бўлиши лозим;

—  коррупцияга йўл қўймаслик;

—  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Қонунга асосан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланиб, агентликка давлат-хусусий шерикликлиги бўйича қатор ваколатлар берилади.

«Ушбу Қонунга кўра, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатлари (3-49 йил) белгилаб қўйилган бўлса-да, тарафлар ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда битимнинг амал қилиш даврини ўзгартириш бўйича келишиб олишлари мумкинлиги катта қулайлик яратади. Бундан ташқари, хусусий шерикнинг давлат шеригидан лойиҳа бўйича зарур маълумотларни олиши, давлат шериги айби билан зарар етказилган ҳолларда уни қоплашни талаб қилиши каби ҳуқуқларнинг берилиши ҳам хусусий сектор учун бир қатор имтиёзлар беради», — дея сенатор Ш.Арипованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид