Ўзбекистон | 12:30 / 10.05.2019
12277
8 дақиқада ўқилади

Пуллик йўллар шаҳар ичидаги тирбандликларга ечим бўла оладими?

Фото: iStock

2019 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, яқин йилларда «Тошкент–Андижон» ва «Тошкент–Самарқанд» йўналишлари бўйлаб пуллик автомобиль йўллари қурилиши белгиланди, деб ёзади Саъдулло Турсунов «Mahalla» газетасида. Мақола ЎзА'да эълон қилинган.

Қачон? Қаерда?

Режага кўра, «Тошкент–Андижон» пуллик йўли қурилиши бўйича 2019 йилнинг июнь ойида Жаҳон банки билан консультация хизматини кўрсатиш бўйича битим тузиш кўзда тутилган. Қурилиш тендери ғолибини эълон қилиш ва у билан битим тузиш муддати 2020 йилнинг декабрь ойига мўлжалланган. Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг август ойида бошланиши режалаштирилмоқда.

Иккинчи йўналиш — «Тошкент — Самарқанд» пуллик йўли қурилиши Туркиянинг «Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.S», «KaneH» ва «Komm» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа жорий йилнинг IV чорагида бошланиши ва 2021 йил якунида фойдаланишга топширилиши лозим.

Пуллик йўллар — қандай йўллар?

Пуллик йўл — ҳайдовчилар ҳақ тўлаб фойдаланадиган йўлларга айтилади. Бундай йўллардан фойдаланганлик учун тўланадиган маблағ уни таъмирлаш ва сақлаш, техник хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш учун сарфланади. Тижорий йўлларнинг давлат йўлларидан асосий фарқи шундаки, бундай йўналишларда фойдаланувчилар ва уларнинг автоуловларига юқори сифатда хизмат кўрсатилади. Қолаверса, пуллик йўлларда ҳаракатланиш тезлиги юқори бўлади.

Халқаро тажриба ўрганилади

Тан олиш лозим, ҳозир бизда бу борада етарли тажриба ва соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий асос йўқ. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2 октябрдаги «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонунида ҳам мазкур масала қонуншуносларимиз эътиборидан четда қолган. Шу боис бугун юртимиз мутахассислари Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон каби мамлакатларнинг соҳада тўплаган тажрибалари, амалдаги қонунчилигини чуқур ўрганмоқда. Чунки бу — жуда муҳим масала. Агар ҳуқуқий асос яратилмас экан, бирор ютуққа эришиш қийин.

Пуллик йўллар қуришнинг тартиб ва қоидалари қандай?

— Энг биринчи муҳим қоида – соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси бўлиши шарт, — дейди Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти «Автомобиль йўлларини қуриш ва эксплуатация қилиш» кафедраси мудири, техника фанлари номзоди, доцент Аслиддин Ўроқов. — Масалан, эртага бирор ишбилармон пуллик йўл қуриш учун Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи дейлик. Хўш, у нима қилади? Энг аввало, ушбу мамлакатда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган қонунларни ўрганади. Агар бундай база бўлмаса-чи? Унда ўз-ўзидан тадбиркор лойиҳадан воз кечади. Боиси ҳар қандай ишбилармон бирор давлатга инвестиция киритишдан аввал ўша юртда унинг ҳуқуқий манфаатлари, йўналтирган маблағи тўлиқ ҳимоя қилинишини истайди. Афсуски, бугун бизда бундай қонун мавжуд эмас. Шу боис айни кунларда қонуншуносларимиз томонидан соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқилмоқда. Яна бир муҳим қоида — пуллик йўллардан фойдаланиш ҳайдовчи учун ҳар доим ихтиёрий бўлиши, бундай йўналишларда параллел равишда, албатта, муқобил давлат йўллари, яъни бепули ҳам бўлиши шарт. Чунки давлат йўлларига солиқ тўлаётган фуқаро нима учун яна пул сарфлаб йўлдан фойдаланиши керак?! Қолаверса, бирор йўналишда фақат пуллик йўл бўлса-ю, автомобили бор, аммо маблағ тўлашга имконияти йўқ инсон манзилга қандай етиб олади? Шунингдек, давлат йўлларининг сифати пуллисига жуда яқин бўлиши зарур. Давлат йўли сифатсизлиги боис, ҳайдовчи ўзи ва автомобилининг хавфсизлиги ҳамда узоқ вақт йўқотишини ўйлаб тижорий йўлдан юришга мажбур бўлса, халқаро талаблар бузилган, фойдаланувчининг ҳуқуқлари эса поймол қилинган ҳисобланади. Айтмоқчиманки, давлат назоратидаги йўлларни тартибга келтирмай туриб, пуллик йўлларни қуриб бўлмайди. Яна бир муҳим шарти шуки, тижорий йўллар орқали манзилга етиб олиш вақти давлатники билан унчалик фарқ қилмаслиги лозим.

Ҳайдовчи ва йўловчига қандай қулайликлар яратилади?

— Энг асосий қулайлик, бу — юқори тезлик, ҳаракатнинг эркинлиги, — дейди Аслиддин Ўроқов. — Агар пуллик йўллар автомагистраль мақомида қурилган бўлса, у ҳолда ҳаракатда минимал тезлик чекланади, юқориси эса аксинча. Яъни автомагистраль йўлларга секин ҳаракатланадиган автомобиллар қўйилмайди. Шунингдек, пуллик йўлларда ҳаракат иштирокчиларига сервис хизматлари сифатли ташкил этилади. Йўл текис, равон, юқори тезлик ва ўтказувчанлик қобилияти бўлади. Автомобилларга ёқилғи қуйиш ва ювиш шохобчалари, устахоналар узлуксиз ишлайди. Йўл бўйи минтақа кўкаламзорлаштирилиб, микроиқлим, архитектура-ландшафт дизайни яратилади. Чунки ҳайдовчи йўлда кетаётганда ён-атрофдан эстетик завқ олиши, жисмонан ва руҳан толиқиб қолмаслиги, энг асосийси, кейинчалик ҳам бундай йўналишдан фойдаланишни ихтиёрий танлаши лозим. Қолаверса, пуллик йўллар четида овқатланиш шохобчалари, кафе ва ресторанлар, қисқа ва узоқ муддат ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган кемпинг марказлари, мотеллар, спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзалари, ҳожатхоналар қурилади. Аммо бу – бепул йўлларда ҳайдовчиларга умуман қулайлик бўлмаслиги керак, дегани эмас.

Тўлов қандай амалга оширилади?

Пуллик автомобиль йўлидан фойдаланиш «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун асосида тартибга солинади. Бундай йўналишдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқини бериш шерикларнинг икки томонлама келишуви асосида белгиланади. Ҳайдовчи йўл талони, тўлов пунктида тўловни амалга ошириш, автоматик тўлов каби бир нечта усуллардан фойдаланиши мумкин. Буни кириш пунктида ташкил этилган шароитдан келиб чиқиб, мижознинг ўзи танлайди.

Пуллик йўллар шаҳар ичидаги тирбандликларга ечим бўла оладими?

Бугун Тошкент шаҳри ва бир нечта вилоят марказларидаги автомобиль йўлларида куннинг маълум вақтларида катта тирбандликлар юзага келмоқда. Хўш, бу муаммони пуллик йўллар орқали бартараф этиш мумкинми?

— Албатта. Аммо бу унчалик тўғри ечим эмас, — дейди техника фанлари бўйича фалсафа доктори Абдувоҳид Юнусов. — Мисол учун, ҳозир пойтахтимиз йўлларида кузатилаётган тирбандликларга эътибор берсак, муаммо сунъий равишда содир бўлаётганини кўришимиз мумкин. Яъни йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятидан унумли фойдаланилмаяпти. Қолаверса, тирбандликлар, асосан, чорраҳаларда бўлмоқда. Бу муаммони эса ўша жойга 2 ёки 3 қаватли йўл ўтказгичларни қуриш орқали ҳам ҳал қилса бўлади. Сўнгги йилларда пойтахтимизда бундай иншоотлар бунёд этилган чорраҳалардаги транспортларнинг ҳаракати бир маромга тушгани сўзимиз исботи, албатта.

Хулоса

Пуллик йўллар қурилиши, айниқса, туризм соҳаси ривожланишига катта туртки беради. Кўплаб одам хизмат кўрсатиш йўналишида доимий иш билан таъминланади, мамлакат иқтисоди юксалади. Қолаверса, бу қулайлик ҳайдовчиларга танлаш имконини тақдим этади.

Мавзуга оид