Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар оширилади. Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи қарз нега ошаётганига изоҳ берди. Камбағал оилаларга иситиш мавсумидаги энергетика харажатлари учун 1 млн сўмдан пул берилади. Kun.uz видеошарҳида ана шу янгиликлар ҳақида сўз боради.
1 июл ва 1 августдан
3 июн куни эълон қилинган президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар, 1 августдан бошлаб эса ойликлар 10 фоизга кўтарилади.
Келаси ойдан эътиборан, ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 минг сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 млн 12 минг сўм, кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори: 3 ёшгача бўлган битта фарзанд учун – 360 минг сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун – 275 минг сўм; оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 минг сўм; оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 минг сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, 1 июлдан бошлаб кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 420 минг сўмни ташкил қилади.
2025 йил 1 августдан эътиборан, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 271 минг сўм деб белгиланади. Бу миқдор ҳозирда 1 млн 155 минг сўмга тенг.
Бундан ташқари, 1 августдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдори ва унга боғланган жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловлар ҳам ошади. БҲМнинг янги миқдори 412 минг сўм бўлади. Ҳозир бу миқдор 375 минг сўмга тенг.
“Хусусий секторда ишловчи фуқароларимизнинг ҳам тўлов қобилиятларини рағбатлантириш учун иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорларда тўлаш тавсия этилади”, – дейилади фармонда.
Охирги марта иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 2024 йил 1 сентябрда 15 фоизга оширилганди. Стипендиялар эса охирги марта 2021 йилда оширилган ва шундан бери, 4 йил давомида ўзгармай келаётганди. Олий таълим муассасаларидаги тўлов-контракт миқдорлари эса ўтган йили сентябрда 15 фоизга кўтарилган.
Вазир – тарифлар ошгани ҳақида
Ойликлар ва пенсиялар оширилиши ҳақидаги фармон эълон қилинишидан олдин, ҳужжатни бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Қонунчилик палатаси йиғилишидаги чиқишида анонс қилган эди. У















