Light | 11:00 / 12.05.2019
53849
4 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик ва машҳур бозорлар

Шарқ мамлакатлари халқлари, хусусан бизнинг юртдошларимиз ҳаётида бозорлар муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳри, ҳар бир туманининг ўз бозори бор. Айрим ҳудудларда ҳатто ўнлаб бозорлар бўлиб, уларда савдо-сотиқ, сайру-саёҳатнинг кўп асрлик маданияти шаклланганки, бу ҳам миллий қадриятнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Бугун эътиборингизга дунёнинг энг йирик ва гавжум бозорлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.

Чатучак ва Дамноен Садуак — Бангкок, Таиланд

15 гектардан кўпроқ майдон ва ён атрофдаги кўчаларга чўзилиб кетган Чатучак бозори туну-кун тиним билмайди. 9 мингдан 15 мингтагача турғун ва кўчма дўконлар орасида бош айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бир кунда 200 мингдан ортиқроқ одам ташриф буюрадиган бу бозорнинг аксарият харидорлари томошага келган туристлардир.

Дамноен Садуак бозори эса улкан сузувчи бозордир. Бангкокни бежизга «Шарқ Венецияси» деб айтишмайди. Бундай шаҳарда дарё бозори бўлиши ҳам табиий. Кўчалар ўрнидаги сувда қайиқлар сузиб юради ва ҳамма уларда савдо-сотиқ қилаверади.

Миср бозори (Улкан бозор) – Истанбул, Туркия

Бу бозор нафақат Туркияда, балки дунёдаги энг йирик бозор номига даъвогарлик қилиши мумкин. 30 минг квадрат метр майдонга жойлашган 4 мингдан ортиқ дўконларда ҳақиқатдан ҳам савдо қайнайди. Бу бозорни бемалол муаззам шаҳарнинг осори-атиқаларидан бири деб атаса бўлади. Сабаби бу бозорга айрим кунлари 500 мингдан ортиқ киши ташриф буюради, бир йиллик келувчилар сони 90-100 млн кишини ташкил қилади.

Маиший буюмлар, ширинликлар, кийимлар... хаёлга келган ва келмаган ҳамма нарсани харид қилиш мумкин бўлган бу бозор шаҳарнинг 60дан ортиқ кўчалари бўйлаб кенгайиб, чўзилиб кетган. Қадамба-қадам йириклашиб бориши туфайли унинг ичида фавворалар, меҳмонхоналар, уйлар, ресторанлар, масжидлар ва ҳатто қабристон ҳам бор.

Марокаш бозори – Марокаш

Марокашдаги Марокаш бозоридан ҳақиқий шарқ эртакларидаги муҳитни топиш мумкин. Гўёки асрлар бу бозорни четлаб ўтгандек, келажак ҳам тарихни албатта кутиб оладигандек тасаввур ўйғонади. Бу томонга ташриф буюрган сайёҳ бозорни айланмай қайтмайди. Айниқса бозор ўзининг хушбўй зираворлари билан ном қозонган ва бутун расталар бўйлаб уларнинг ифори айланиб юради. Шунингдек, бўталоқ жунидан тайёрланган нафис матоли либослар бозор рамзига айланган.

Пекин озиқ-овқат бозори

Дунёнинг энг йирик бозори номига бемалол даъвогар бўладиган, расмий номи жуда узун – «Beijing Xin Fa Di Agricultural Products Wholesale Market» бўлган бу савдо мажмуаси оз эмас, кўп эмас 548 гектар майдонни эгаллаган. Пекиндек улкан шаҳарнинг озиқ-овқатга бўлган талабининг етмиш фоизидан ортиғини қондирувчи бу масканда туну-кун савдо тинмайди. Улкан юк машиналари кемалару поездларни шаҳар билан боғлаб туришади.

Дамашқ бозори – Сурия

Дамашқ бозори нафақат улканлиги, балки жуда қадимийлиги билан ҳам тилга тушган. Унинг бир неча минг йиллик тарихи бор ва бу вақт давомида ҳамиша гавжум маскан бўлган. Қўрғон ва Уммавийлар масжидидан бошланувчи бу бозор эски шаҳарнинг нариги сарҳадларигача кўчалар бўйлаб чўзилиб кетган ва бу кўчаларнинг умумий узунлиги 100 километрга яқинлашади.

Дунё тарихида муҳим ўрин тутувчи бу маскан ҳам Суриядаги талотўпларда зарар кўрди – бир қисми вайрон бўлди, бир қисми ёниб кетди. Аммо ҳануз ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Машҳур бозорлар фақат чет элдамас, ўзимизда ҳам бор. Айниқса Тошкентдаги Чорсу, Самарқанддаги Сиёб бозорлари шунчаки савдо марказлари эмас, балки миллийлик рамзи, юрт қиёфасини берувчи масканлар ҳамдир. Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бу бозорларни завқ билан кезиб юриши бежиз эмас.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид