Ўзбекистон | 17:47 / 26.05.2019
9293
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга хизмат сафари уюштирди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси делегациясининг Афғонистонга хизмат сафари ниҳоясига етди. Ўзбекистон вакиллари Афғонистоннинг Балх вилояти, Нахри-Шахи туманида жойлашган, 2014 йилда фойдаланишга топширилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек мактаби фаолияти билан яқиндан танишиб, унда таълим олаётган ўзбек ёшларига 176та ўзбек адабиёти намуналари ва ўқувчиларга дарслик китоблари ҳамда 600дан ортиқ тарқатма материалларини совға қилди. Балх ва Жавзон олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида таълим олаётган талабаларга ҳам 358та ўзбек адабиёти намуналари тақдим этилди.

Балх вилояти ҳокими ўринбосари Шужоуддин Шуджо билан учрашувда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси делегацияси раҳбари Муродилла Алимбоев юртимизда ёшларга оид амалга оширилаётган давлат сиёсати, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифалари хусусида батафсил маълумот берди. Шужоуддин Шуджо Ўзбекистон делегациясига Балх ва Сурхондарё вилоятларининг ёшлар ташкилотлари билан мунтазам ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, афғонистонлик ёшларнинг ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан уюштириладиган тадбирларда иштирокини йўлга қўйиш таклифларини билдирди.

Бундан ташқари, Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг этник ўзбеклар билан ўтказган очиқ мулоқотида ёшларга ўзбек тилини «Skype» орқали онлайн тарзда ўргатиш, Ўзбек-Афғон маданий маркази очилиши, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларга афғонистонлик ёшларнинг саёҳатларини уюштириш масалалари муҳокама этилди.

Мавзуга оид