Жаҳон | 17:50 / 28.05.2019
14883
2 дақиқада ўқилади

Фаластин АҚШ таклиф қилган "аср келишуви"ни рад этди

Фото: Fotoarena/ ZUMAPRESS.com/ Globallookpress

Фаластин Исроил билан муносабатларни барқарорлаштириш бўйича Вашингтоннинг "аср келишуви"га рози бўлмайди, АҚШ ва Исроилнинг тинчлик ўрнатиш борасидаги барча охирги ташаббусларини рад этади, деди Фаластиннинг Россиядаги элчиси Абдулҳафиз Нофал.

"Аср келишуви ҳақида айтишганида, улар бизга ғалати кун тартибини таклиф этишмоқда, фаластинлик қочоқларнинг вақтинчалик лагерларини аллақандай янги шаҳарларга айлантиришни таклиф этишмоқда, еримиз, ҳаққимиз учун пул таклиф этишмоқда, бунга асло рози бўлмаймиз", - деди у.

У Қуддус барча динларга тегишли эканлигини қайд этди.

"АҚШ ва Исроилнинг барча охирги ташаббусларига қарши чиқаётган Фаластин раҳбариятининг қатъий позициясини таъкидламоқчиман. Қуддус биз учун савдолашадиган нарса эмас", - деди Нофал.

АҚШ Дональд Трамп президентликка сайланганидан буён Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича "аср келишуви" деб номланган режани тайёрламоқда, аммо у билан боғлиқ барча тафсилотлар маълум эмас.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид