09:50 / 31.05.2019
5781

«Интер» Контени янги мураббий сифатида эълон қилди

Миланнинг «Интер» клуби ўз расмий сайтида Антонио Контени жамоанинг янги бош мураббийи сифатида эълон қилди.

Италиялик мутахассис бу лавозимдан бироз олдинроқ истеъфога чиқарилган Лучано Спаллетти ўрнини эгаллайди.

Ҳозирча янги мураббий билан шартнома тафсилотлари маълум қилинмади. ОАВ маълумотига кўра, Конте билан 3 йиллик шартнома тузилган, бу шартномага кўра «Интер» йилига 12 миллион евро миқдорида маош тўлайди (солиқлардан ташқари).

Шанба куни Конте клуб раҳбарияти сафида Мадридга, «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» ўртасидаги ЕЧЛ финалини томоша қилиш учун йўл олиши кутилмоқда. Яқин ҳафталарда эса у Хитойда бўлиб, клуб хўжайини Чжан Цзиндун билан учрашув ўтказади.

Бундан олдинроқ Конте янги жамоасида икки футболчини, айни вақтда «МЮ» сафида бўлган бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукакуни ҳамда «Челси» футболчиси, ўтган мавсумда «Фенербаҳче»да ижара асосида ўйнаган нигериялик вингер Виктор Мозесни кўрмоқчи бўлаётгани ҳақида хабарлар берилганди.

Конте 2017/18 йилги мавсум якунида Лондоннинг «Челси» клубини тарк этганидан буён ишсиз эди. У лондонликлар билан Англия чемпиони ва Англия Кубоги соҳиби бўлган. Конте ўз вақтида Италиянинг бошқа жамоаси «Ювентус»ни бошқарган ва кетма-кет уч мавсумда Италия чемпиони бўлганди.

Top