Ўзбекистон | 21:42 / 31.05.2019
6185
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда беш ойда 245 та меҳмон уйи ташкил этилди

Фото: Камиль Еникеев

Бугунга келиб Ўзбекистонда фаолият юритаётган ягона реестрга киритилган оилавий меҳмон уйлари сони 346 тани ташкил қилиб, улар 3063 кишини ўзида сиғдира олади. Эътиборлиси шундаки, 346 та меҳмон уйидан 245 таси (2177 ўринли) 2019 йилнинг январь-май ойларида ташкил этилган. Kun.uz мухбири 31 май куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Дам олиш туризмининг ривожланиши, дам олиш зоналарида яратилган шароитлар” матбуот анжумани доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан берилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Ҳудудларга зиёрат, дам олиш ва саёҳат мақсадларида ташриф буюраётган аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида, хусусан, уларга арзон ва қулай бўлиши учун туристик объектлар атрофида оилавий меҳмон уйлари ташкил этилмоқда.

"Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига катта имтиёзлар берилмоқда. Сайёҳлар оқими кўпайгани сари уларни жойлаштириш масаласи муаммо бўлмоқда. Шунинг учун бугунги кунда давлат томонидан меҳмонхоналарга берилаётган субсидиялар, меҳмон уйларини ташкил қилиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Меҳмонхоналар, меҳмон уйлари кўпайгани сайин биринчидан, уларнинг сифати ошади, иккинчидан, нархи тушади", - деди Қўмита раиси ўринбосари Саидакбархон Акбаров.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунга қадар фаолияти йўлга қўйилган 79 та меҳмон уйи айнан дам олиш зоналари, пансионат ва санаторийлар атрофида жойлашган. Бу ҳам ўз навбатида, дам олишга келаётган аҳоли учун қулайликлар яратади. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” ғояси доирасида дам олиш зоналари атрофида оилавий меҳмон уйларини кўпайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. Натижада дам олишга келувчилар учун шароитлар яратилиб ва уларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий аҳоли вакиллари учун қўшимча иш ўринлари яратилиб, турмуш даражаси ошишига эришилиши кўзда тутилган.

2019 йил 2 май куни Президент бошчилигида ўтказилган “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини республика ҳудудларида амалга ошириш натижадорлиги тўғрисида”ги 16-сонли видеоселектор мажлиси баёни 12-бандида белгиланган топшириқлар ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 631-сонли қарори доирасида жорий йилнинг 13-16 май кунлари Қўмита марказий аппарати масъул ходимлари ва ҳудудий бўлинмалари вакиллари томонидан ҳудудларда меҳмон уйлари ташкил қилиш бўйича туман, маҳалла, қишлоқлар кесимида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга меҳмон уйларини ташкил этиш тартиблари, туризм соҳасида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун белгиланган имтиёзли банк кредитлари тўғрисида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўказилди ҳамда учрашувлар давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоятда 9 шаҳар, 1 шаҳарча, 37 туман, 72 маҳалла, 19 қишлоқ кесимида 960 хонадон вакиллари билан учрашилди ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда республика миқёсида 500 дан ортиқ фуқаро оилавий меҳмон уйи ташкил этиш истагини билдирган ва уларга Қўмита томонидан зарурий методик кўрсатмалар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Уларни қонун доирасида давлат реестрига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, маълум қилинишича, дам олиш зоналари ва санаторийларда туристик хариталарни ўрнатиш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилувчи тарқатма материаларни жойлаштириш бўйича ҳам ишлар бошланган. Масалан, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Омонхона” санаториясининг кириш жойида “Бойсун туманининг туристик салоҳияти” харитаси ўрнатилган. Бошқа ҳудудлар кесимида ҳам шундай хариталар тайёрланмоқда.

Тошкент вилоятидаги “Чорвоқ” эркин туризм зонаси, Наманган вилоятидаги “Нанай” кичик туризм зонаси, Сурхондарё вилоятидаги “Зовбоши” туризм зоналарининг ишга туширилиши билан аҳолининг дам олиши учун янги йўналиш ва қулайликлар яратилиши таъкидланди.  

Келгусида республикамизда дам олиш туризмини янада ривожлантириш учун тарғибот-ташвиқот ишларининг қамрови кенгайтирилиб, дам олиш зоналарида туризм ахборот марказларини ташкил этиш, йўл кўрсаткичларни, туристик хариталарни ўрнатиш ва бошқа ишлар давом эттирилади. Аҳолини дам олиш туризмини ташкил қилишга кенг жалб қилиш орқали дам олувчиларга шароитлар яратилади ва ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонга дам олишга келадиганлар географиясини кенгайтириш (узоқ хорижий давлатлардан келадиганлар улушини кўпайтириш) чоралари кўрилади. Ҳозирги кунда келаётган дам олувчиларнинг аксарияти Ўзбекистонга бўлган қўшни давлатлар фуқаролари ҳисобланади. 

Мавзуга оид