13:01 / 01.06.2019
13987

Машҳур гангстер Фрэнк Лукас вафот этди

Фото: Jim Cooper / AP Photo

Америкалик донгдор жиноятчи Фрэнк Лукас вафот этди. Бу ҳақда Deadline нашри хабар бермоқда. 88 ёшли гангстернинг жони 30 май Нью-Жерсидаги шифохонага олиб кетилаётганда узилган.

Лукас 1960-1970 йилларда Нью-Йорк шаҳрига гиёҳванд моддаларни етказиш бўйича етакчи гуруҳ бошлиғи бўлган. Унинг мижозлари орасида юлдузлар, сиёсатдонлар ва умуман бадавлат инсонлар бўлишган.

Жиноятчи ўз даврида шунчалик жиловни йўқотганки, Вьетнамдан келаётган тобутлар ичида героин ташигани билан очиқдан-очиқ мақтанган. Айрим даврларда унинг кунлик даромади миллион доллардан ошгани қайд этилади.

1975 йилда Лукас қўлга олинади ва 70 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Аммо 1991 йилдаёқ озодликка чиқишга муваффақ бўлган. Терговчилар у офшор ҳудудларда яширган 50 миллион долларни барибир топа олмаганлар.

2007 йилда Лукас ҳаётига асосан “Америка гангстери” фильми ишланган ва унда бош ролни Дензел Вашингтон ўйнаган. Бундан ташқари 2010 йилда жиноятчи томонидан “Ҳақиқий гангстер” хотиралар тўплами нашрдан чиқарилган.

Top