Жаҳон | 08:09 / 05.06.2019
11878
1 дақиқада ўқилади

Deutsche Bank Венесуэланинг 20 тонна олтинини мусодара қилди – ОАВ

Фото: EPA

Германиянинг Deutsche Bank банки Венесуэланинг 20 тонна олтинини мусодара қилди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди. 

2016 йилда Венесуэла банкдан 750 млн доллар миқдорида кредит олиб, гаров сифатида банкка 20 тонна олтин берган. Кредитни қайтариш муддати 2021 йилда якунланиши керак бўлган, бироқ Каракас келишув шартларини бажармай, фоиз тўловларини амалга оширмаган. Шу сабабли банк гаровга қўйилган олтинни мусодара қилишга қарор қилган.

Агентлик маълумотларига кўра, Венесуэла мухолифати вакиллари банк билан музокаралар олиб бормоқдалар ва қўшимча 120 млн доллар тўлашни сўрашмоқда. Сиёсатчиларнинг фикрича, ушбу сумма кредит билан олтин нархидаги фарқни қоплайди. Мухолифат бу пулни амалдаги президент Николас Мадуро кира олмайдиган алоҳида ҳисобрақамига ўтказилишини истамоқда.

Таъкидланишича, немис банки ва Венесуэла марказий банки вакиллари вазиятга изоҳ беришдан бош тортишган.

Мавзуга оид