Жаҳон | 01:25 / 15.06.2019
7010
2 дақиқада ўқилади

Лондон Уммон кўрфазида танкерларга ҳужум қилинишида Эронни айблади

Фото: Reuters

Уммон кўрфазида танкерларга қарши содир этилган ҳужум учун жавобгарлик Эроннинг Ислом инқилоби соқчилари корпуси зиммасида ётади. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.  

“Давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган ёки йўқ, бошқа ҳеч ким бунинг учун жавобгар эмас. Эрон ушбу ҳужум учун жавобгарлигига ишончимиз комил”, деб айтилган баёнотда.

Вазирлик раҳбари Жереми Хант 13 июнда содир этилган ҳужумларни қоралаган. “Бу охирги ҳужумлар Эроннинг барқарорсизлантирувчи хатти-ҳаракати моделига асосланган ва минтақа учун жиддий хавф солади”, деб айтган Хант.

Унинг таъкидлашича, ушбу ҳодиса фуқаролик кемачилиги халқаро меъёрларини бузади.

“Танкер ва экипажлар халқаро сувлар орқали хавфсиз ўта олиши муҳимдир. Биз Эронни барча барқарорсизлантирувчи ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз”, деб таъкидлаб ўтган Британия ташқи ишлар вазири.

13 июнда Уммон кўрфазида иккита танкер – Kokuka Courageous ва Front Altair’да портлашлар юз берган. Портлашлардан кейин танкерларга ўт кетган.

Вашингтон ушбу ҳодисада Эронни айблаган. АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг таъкидлашича, Теҳроннинг ушбу ҳужумга алоқадорлигидан кемадаги шикастлар дарак беради. Эрон эса бу айбловларни рад этмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид