Жамият | 16:00 / 18.06.2019
18690
2 дақиқада ўқилади

Қаршида янги мультибренд автосалони қурилмоқда

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида мультибренд автосалони ҳамда «QARSHI AUTOCENTRE» МЧЖ автосервисининг қурилиш ишлари бошланди. Ушбу автосалоннинг қурилиши компаниянинг хизмат доирасини кенгайтириш ва мижозларга қулайлик ва хизмат кўрсатиш дастурлари доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур автосалон фаолияти маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган қарийб 100 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Янги мультибренд автосалоннинг қурилиш ишлари 2019 йилнинг тўртинчи чорагида якунланиб топширилиши режалаштирилган. Янги автосалон енгил автомобиллар билан савдо қилиш, юк тижорат техникаларини ва эҳтиёт қисмларни сотиш, шунингдек Ўзавтосаноат таркибига кирадиган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга автосервис хизматларини амалга оширишга, сотувдан олдинги ва даврий техник ҳамда кафолатли хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Мультибренд автосалонининг 2200 кв.м кўргазма майдонида доимий равишда «GM Uzbekistan», «SamAvto», «JV MAN Auto – Uzbekistan» ва «UzAuto Trailer» миллий корхоналарининг Chevrolet, MAN, Isuzu ва Kamaz брендлари тақдим этилади.

Бундан ташқари, автосалонда автосуғурта, автомобил рақамини рўйхатга олиш каби хизматлар кўрсатилади.

800 кв.м. майдонли сервис маркази замонавий техник ускуналар билан жиҳозланади ҳамда унда махсус тайёргарликдан ўтган юқори малакали мутахассислар фаолият юритади. «QARSHI AUTOCENTRE» МЧЖ сервис станциясида «Ўзавтосаноат»нинг барча брендларига кафолатли хизмат кўрсатилади.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида битта расмий дилерлик корхонаси фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги илк мультибренд автосалон 2018 йилнинг 20 декабрь куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ишга туширилганди.

Мавзуга оид