Жамият | 10:38
1896
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги “Dna motors” автосалони мансабдорлари қамоққа олинди

Улар Хитой автомобилларини қулай шартларда сотиш ваъдаси билан кўплаб фуқароларнинг пулини ўзлаштириб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборгани айтилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, етказилган зарар 10 млрд сўмдан ортиқ. Автосалон мансабдорлари жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этишда гумонланмоқда.

Фото: Dna motors

Тошкент шаҳридаги “Dna motors” МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Kun.uz’га мазкур шахсларга алданган жабрланувчилар хабар берди.

Маълум бўлишича, “Dna motors” мансабдорлари ижтимоий тармоқларда Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларни қулай шартларда сотиш тўғрисида жозибали рекламалар жойлаштирган. Фуқаролар ушбу рекламаларни кўриб, автомобил харид қилиш учун улар билан шартнома тузган ва тўловларни амалга оширган. 

Аммо автосалон шартнома шартларини бажармаган: автомобиллар айтилган вақтда етказиб берилмаган. Ҳолат юзасидан эътироз билдирган мижозлар эса “сертификат чиқмади”, “Хитойдаги ҳамкор билан келишмай қолдик” каби турли баҳоналар билан алдаб келинган.

Жумладан, Сайфитдин Одилов 2025 йил 14 апрелда BYD SONG PLUS машинасини харид қилиш мақсадида “Dna motors” МЧЖ билан шартнома тузган. У 347 млн 150 минг сўм тўловни амалга оширган. Автомобилни 15-20 иш кунида келтириб бериш ваъда қилинган. Аммо орадан шунча ой ўтганига қарамай автосалон шартнома шартларини бажармаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Dna motors” МЧЖ мансабдорлари 35 нафар фуқарони шу каби ваъдалар билан алдаб, уларнинг 10 млрд сўмдан ортиқ пулини ўзлаштирган ҳамда ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабарномасига кўра, “Dna motors” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давомида МЧЖ раҳбари Наргис Саидназирханова ҳамда МЧЖ раҳбари ўринбосари Фазлитдин Зияевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги, МЧЖ раҳбари ўринбосари Жамолиддин Мирсалиховга эса сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов тамомланиб, иш судга юборилган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид