Рақобат қўмитаси 60 дан ортиқ автомобиллар чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналарда ўрганишлар ўтказди. Бунда қуйидаги тизимли камчиликлар аниқланган:
5 та автосалонда сервис маркази мавжуд эмас. Мисол учун, Сурхондарё вилоятидаги "Roodell" МЧЖ ва "Riteyl" МЧЖ автосалонларидаги KIA, Haval ҳамда Chery товар белгиси остидаги автомобиллар.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан ишлаб чиқарувчи товардан кафолат муддати ва хизмат муддати мобайнида фойдаланиш имкониятини таъминлаши, товарнинг таъмирланишини ва унга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиши шарт.
39 та автосалонда давлат тилидаги автомобилдан фойдаланиш қўлланмаси мавжуд эмас. Мисол учун, автомобил бошқарув панелидаги маълумотларда Damas, Cobalt, Onix, Tracker, Malibu, Equinox, Traverse, Tahoe маркали автомобилларидаги қўлланмалар рус ва инглиз тилларида экани, Chery, HAVAL маркали автомобилларда эса рус тилида берилаётгани аниқланган.
Шунингдек,“Roodell” МЧЖ KIA ва “ADM-ASTER” МЧЖ QK автосалонларида ҳам техник тавсифлар истеъмолчиларга давлат тилида тақдим этилмай келган.
13 та ҳолатда автомобил учун берилган кафолат муддати билан автомобилнинг бутловчи қисмлари кафолат муддатлари ўртасида тафовут мавжуд.
Мисол учун, “Auto Region Plus” МЧЖ томонидан сотилаётган BYD автомобиллари учун 96 ой 150 000 км кафолат муддати берилган бўлса, қўрғошин кислотали стартер батареясига 12 ой ёки 20 000 км, ярим алоҳида қайд этилган эҳтиёт қисмларига 48 ой ёки 120 000 км кафолат муддатлари берилган. Бундай ҳолатлар “UzAvtoMotors” АК томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларда ҳам кузатилди.
Мисол учун, Сobalt русумли автомобилига 36 ой ёки 100 000 км кафолат муддати берилган, автомобил двигатели учун 24 ой ёки 50 000 км.
Хусусан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан бутловчи буюмларнинг кафолат муддати, асосий буюмнинг кафолат муддатидан кам бўлмаслиги ҳолати ўрганилганида:
- барча автомобилларнинг бутловчи буюмларнинг кафолат муддати, асосий буюмнинг кафолат муддатидан кам экани аниқланди;
- белгиланган кафолат талабларига риоя этмаслик, яъни сервис маркази ёки улар томонидан тавсия этилган сервис марказларидан бошқа жойлардан хизмат кўрсатилган бўлса ёки ўз вақтида олиб келинмаган бўлса, шунингдек, автомобилга янги ускуналар ўрнатилганда, яъни хавфсизлик қурилмаси (сигнализация), метан ёки пропан ёнилғисига ўтказиш ва бошқа ўзгартиришлар киритилса, сотувчи, ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган кафолатдан муддатларидан чиқариб юборилади.















