Жаҳон | 10:00 / 20.06.2019
9858
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда дунёдаги илк «вақтдан холи ҳудуд» яратилиши мумкин

Фото: Pixabay

Норвегиянинг Соммарей ороли аҳолиси ноябрдан январгача давом этадиган ва қуёш деярли кўринмайдиган қутб тунидан кейин вақт боришини эътиборга олмай, ёз ойларидан максимал фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади. Таъкидланишича, бундай даврда маҳаллий аҳоли тунги соат 2да ўз ишлари билан шуғулланаётгани, болалар эса кўчаларда ўйнаб юришганининг гувоҳи бўлишингиз мумкин. 

Оролда яшовчи 300 дан кўпроқ киши 18 майдан 26 июлгача давом этадиган қутб куни даврида ёруғ ёз кунларидан тўлиқ ҳажмда баҳраманд бўлиш мақсадида “вақтдан холи ҳудуд” яратиш ҳақидаги петицияни имзолашди. Бу мактаб ва иш жойларида қайишқоқ иш жадвалини жорий қилишни назарда тутади.

“Мақсадимиз суткада 24 соат фаолликни таъминлашдан иборат. Агар сиз соат 4да майсани ўришни истасангиз, сиз буни бемалол қила олишингиз мумкин”, деб айтган ғоя муаллифи Кьелл Уве Хвединг. 

Орол аҳолиси ўз илтимосномасини норвегиялик депутатларга топширган. Агар уларнинг илтимоси депутатлар томонидан қаноатлантирилса, унда орол дунёдаги “вақтдан холи илк ҳудуд” бўлади.

Ҳозирда оролга олиб борувчи кўприкда соатлар осиб ташланган. Оролга келувчилар шу йўл билан бу ерда вақт ҳақида унутишларини намойиш қиладилар.

Мавзуга оид