12:50 / 21.06.2019
14880

Эрон ТИВ уриб туширилган учувчисиз қурилма туфайли АҚШга эътироз билдирди

Фото: Pars Today

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Арақчи АҚШнинг Эрондаги манфаатларини расман ҳимоя қилувчи Швейцариянинг Теҳрондаги элчихонасига боғланди ва Америка пилотсиз учар қурилмасининг Эрон ҳаво ҳудудларига бостириб кириши муносабати билан Вашингтонга қатъий эътироз тақдим этди.

Мазкур эътироз жума куни Эрон ташқи ишлар идорасининг расмий сайтида ҳам эълон қилинди.

«Америка пилотсиз учар қурилмасининг Эрон ҳаво ҳудудларига ноқонуний бостириб киргани ва у қисқа муддатларда Ислом инқилоби соқчилари корпуси кучлари томонидан ушлангани муносабати билан Аббос Арақчи Швейцариянинг Теҳрондаги элчиси билан боғланди ва АҚШ ҳукуматига қатъий эътироз билдирди», — дейилади идора сайтида. ТИВнинг аниқлаштиришича, «Америка пилотсиз учар қурилмаси Эрон ҳаво ҳудудида бўлгани ҳақида инкор этиб бўлмас далиллар бор. Уриб туширилгач, унинг парчалари Эрон ҳудудий сувлари сатҳида топилган».

Эрон Ислом инқилоби соқчилари корпусидагилар пайшанба куни Эроннинг жанубидаги Ҳурмузгон вилоятида Америка пилотсиз учар қурилмасини уриб туширганини маълум қилишди. АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги вакили Билл Урбан кейинроқ аппарат Ҳурмуз бўғози узра, халқаро ҳаво ҳудудида уриб туширилганини даъво қилган.

Top