15:00 / 21.06.2019
68099

Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосарларини танқид қилди

Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таълим ва бошқа ижтимоий соҳалардаги муаммоларга тўхталиб, бош вазир ўринбосарлари фаолиятини кескин танқид қилди.

«Асосий ишларнинг ҳаммасини Бош вазирнинг ўзи қиляпти. Бош вазир жамоаси ишлай олмаяпти. Бош вазир ўринбосарларининг ҳаммаси ғўддайиб юришни билади, аравасини зўрға тортади, аниқ таклифлар бермайди, тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилмайди.

Айниқса, ижтимоий соҳа бўйича уларнинг фаолияти ёмон. Улар ҳалигача ўз ўрнини топа олган эмас», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, бош вазир Абдулла Ариповнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовдан ташқари яна 4 нафар ўринбосари бор.

Жамшид Қўчқоров 2017 йилнинг ноябридан Бош вазир ўринбосари - Молия вазири - Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазири - Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплексининг раҳбари бўлган, 2019 йил февралидан буён Бош вазир ўринбосари – молия вазири.

Азиз Абдуҳакимов 2018 йилнинг майидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплексининг раҳбари бўлган, 2019 йил февралидан буён Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича бош вазир ўринбосари.

2016 йилнинг декабридан буён Бош вазир ўринбосари -Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган Танзила Норбоева ўрнини 2019 йил 20 июнь куни Элмира Боситхонова эгаллади.

Элёр Ғаниев 2019 йилнинг 28 январида бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Top