Ўзбекистон | 11:30 / 21.06.2019
74076
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Сенат раиси бўлди

Хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раиси Танзила Камаловна Норбоева Сенатнинг янги раиси сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда Сенатнинг 20-ялпи мажлиси вақтида маълум қилинди.

Мажлисда ташкилий масала кўрилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 86-моддасига мувофиқ Сенат Раиси лавозимига Норбоева Танзила Камоловна номзодини тақдим этди. (Шавкат Мирзиёев 20 июндаги фармони билан Танзила Норбоевани сенатор этиб тайинлаган. Президент Сенатнинг 16 нафар аъзосини тайинлаши мумкин - таҳр).

«Мен Танзила Норбоеванинг ҳукуматдаги фаолияти доирасида қилган ишлари, айниқса, болалар меҳнатини йўқотишдаги ҳаракатларини эъзозлайман.

Халқаро ҳамкорликда ҳам унинг меҳнатлари салмоқли», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенаторлар номзодни қўллаб-қувватлаган.

Танзила Норбоева бу лавозимда 20 июнь куни Бош прокурорликка ўтган Ниғматулла Йўлдошев ўрнини эгаллади.

Танзила Норбоева 1956 йилда Андижон вилоятида туғилган, Тошкент Давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган, 1995-2010 йилларда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаган, 2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба-уюшмалари федерациясига раислик қилган. У 2016 йилнинг декабридан буён Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётганди. 

Шу тариқа, Ўзбекистон тарихида илк марта Сенатга аёл киши раис бўлди.

Мавзуга оид