Жамият | 10:20 / 24.06.2019
33523
5 дақиқада ўқилади

Биргаликда уй сотиб олган фуқаролар прописка масаласида судда ютиб чиқди

Жорий йилнинг апрель ойида Kun.uz нашрида «Пропискани оғзаки буйруқ билан рад қилишса, қандай йўл тутмоқ керак?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мақолада биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган уй-жой эгаларини доимий пропискага қўйиш оғзаки тақиқ билан ёпиб қўйилгани, ушбу вазиятда қандай қилиб суд орқали ўз ҳуқуқларини тиклаш мумкинлиги ҳақида маълумот берилганди.

Kun.uz нашри олган маълумотларга кўра, худди шу вазиятда пропискага кира олмаётган бир гуруҳ фуқаролар судда ғалаба қозонган. Бу ҳақдаги Яшнобод туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори таҳририятда мавжуд.

Унга кўра, жорий йилнинг март ойида уч нафар фуқаро Тошкент шаҳри Яшнобод туманида бунёд этилган янги квартиралардан бирини биргаликда харид қилишади. Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Яшнобод туман бўлими томонидан мазкур 3 нафар фуқарога сотиб олинган квартира учун мулкка эгалик ҳуқуқи берилади.

Шундан сўнг фуқаролар Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ прописка қилишни сўраб, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБга (халқ тилида «паспорт стол») мурожаат қилишади. Бироқ, бўлим томонидан фуқароларга улар  тақдим этган ҳужжатлар текширилаётгани, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилиши тўғрисида мавҳум жавоб хати берилади-ю, пропискага қўйиш масаласи ҳал этилмайди.

Мазкур идоранинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган фуқаролар Яшнобод туман маъмурий судига шикоят аризаси киритади.

Ариза Яшнобод туман маъмурий суди судьяси З.Х.Ирсалиев раислигида кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 16 май кунидаги ҳал қилув қарори билан тўлиқ қаноатлантирилди.

Суд қарорига мувофиқ, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, унинг зиммасига шикоят йўллаган фуқароларни (3 нафар) тегишли манзил бўйича Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ доимий прописка қилиш мажбурияти юкланди.

Бундан ташқари, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБдан фуқаролар фойдасига 202 730 сўм (давлат божи учун тўланган тўлов) ундирилиши белгиланди.

Суднинг таъкидлашича, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган рўйхатнинг 1-бандига кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари – хусусий мулк қилиб олинган уй-жойига доимий прописка қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.02.2012 йилдаги 41-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 9-2-бандига кўра кўчмас мол-мулкни олди-сотди битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулкни ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга оширган ҳолда сотиб олганда ҳам амалга оширилади.

Бундан келиб чиқиб, биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида янги қурилган уй-жой сотиб олган фуқароларнинг барчаси ўша сотиб олинган уйга доимий прописка қилиниши лозим.

Таҳририят: Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган, «паспорт стол» апелляция билан мурожаат қилмаган.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, мазкур масалада ички ишлар органларининг хатти-ҳаракатлари қонунчиликка зид бўлмоқда ва бу судлар томонидан расман тасдиқланди. Бизни фақат биргина савол ўйлантиради: ички ишлар органлари бундан кейин ҳам биргаликда уй сотиб олган бошқа фуқароларга асоссиз рад жавоби беришда давом этармикин ёки ўзига тўғри хулоса чиқариб, қонунларга амал қилишни бошлармикин? Фуқаролар наҳотки қонунларда белгиланган ҳуқуқларини юзага чиқариш учун албатта судларга мурожаат қилиши шарт бўлса?

Умид қиламизки, Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олади ва қуйи бўғинлардаги қонунсизликни бартараф этиш, фуқароларни асоссиз сарсон ва саргардон қилмаслик бўйича жиддий топшириқ беради.

Мавзуга оид