Жорий йилнинг апрель ойида Kun.uz нашрида «Пропискани оғзаки буйруқ билан рад қилишса, қандай йўл тутмоқ керак?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мақолада биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган уй-жой эгаларини доимий пропискага қўйиш оғзаки тақиқ билан ёпиб қўйилгани, ушбу вазиятда қандай қилиб суд орқали ўз ҳуқуқларини тиклаш мумкинлиги ҳақида маълумот берилганди.
Kun.uz нашри олган маълумотларга кўра, худди шу вазиятда пропискага кира олмаётган бир гуруҳ фуқаролар судда ғалаба қозонган. Бу ҳақдаги Яшнобод туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори таҳририятда мавжуд.
Унга кўра, жорий йилнинг март ойида уч нафар фуқаро Тошкент шаҳри Яшнобод туманида бунёд этилган янги квартиралардан бирини биргаликда харид қилишади. Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Яшнобод туман бўлими томонидан мазкур 3 нафар фуқарога сотиб олинган квартира учун мулкка эгалик ҳуқуқи берилади.
Шундан сўнг фуқаролар Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ прописка қилишни сўраб, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБга (халқ тилида «паспорт стол») мурожаат қилишади. Бироқ, бўлим томонидан фуқароларга улар тақдим этган ҳужжатлар текширилаётгани, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилиши тўғрисида мавҳум жавоб хати берилади-ю, пропискага қўйиш масаласи ҳал этилмайди.
Мазкур идоранинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган фуқаролар Яшнобод туман маъмурий судига шикоят аризаси киритади.
Ариза Яшнобод туман маъмурий суди судьяси З.Х.Ирсалиев раислигида кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 16 май кунидаги ҳал қилув қарори билан тўлиқ қаноатлантирилди.
Суд қарорига мувофиқ, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, унинг зиммасига шикоят йўллаган фуқароларни (3 нафар) тегишли манзил бўйича Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ доимий прописка қилиш мажбурияти юкланди.
Бундан ташқари, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБдан фуқаролар фойдасига 202 730 сўм (давлат божи учун тўланган тўлов) ундирилиши белгиланди.
Суднинг таъкидлашича, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган рўйхатнинг 1-бандига кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари – хусусий мулк қилиб олинган уй-жойига доимий прописка қилиниши лозим.







