Ўзбекистон | 12:50 / 25.06.2019
77076
3 дақиқада ўқилади

Олий суд: Рашид Қодиров иши коллегия маслаҳатида

Бугун, 25 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Олий суд раисининг жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий, мурожаатлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари, АКТ ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси ва матбуот хизмати бошлиқлари иштирок этишмоқда.

Олий суд вакилларидан собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров иши қандай кетаётгани бўйича маълумот сўралди.

«Тошкент шаҳар судида Рашиджон Қодиров иши доирасида 13 киши иши кўриляпти. Ҳозирда суд таркиби маслаҳат хонасига йиғилган. Қарор тез кунда қабул қилинади ва эълон қилинади», дея Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, иш ёпиқ тарзда кўриб чиқилаётгани, айрим фактларнинг сир тутилиши сабабли ҳукм ўқилаётган куни суд залига ОАВ ходимлари киритилмайди.

Олий суд собиқ бош прокурорга нисбатан чиқарилган ҳукмни ОАВ орқали эълон қилади.

Ўз навбатида бошқа собиқ бош прокурорлар Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродов бўйича ҳам саволлар берилган. Олий суд вакиллари бу борада суд бўйича ваколатга эга эмаслиги, бу ишларни кўраётганлар бошқалигини маълум қилишган.

Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров 2018 йил февралида қўлга олинган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган йилнинг июнь ойида Бош прокуратура собиқ бош прокурор иши бўйича 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинганини билдирган эди . 2019 йил 7 январь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Рашиджон Қодировга нисбатан ёпиқ суд жараёни бошланган.

Айни вақтда иш доирасида қўлга олиниб, суд қилинаётганларнинг расмий рўйхати йўқ. 

2018 йил февралида жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушлангани хабар қилинган. 

Прокуратура томонидан турли вақтларда берилган маълумотларда ушбу иш доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, «Антибиотик» лақабли адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар номи тилга олинган.

Бош прокуратура «Қодиров иши» доирасида қўлга олинганларга қийноқ қўллангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Мавзуга оид