Ўзбекистон | 09:34 / 01.07.2019
5442
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кутубхоначи куни белгиланади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси кутубхоначи кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси жойлаштирилди.

2019 йилнинг 27 июнь куни муҳокамага жойлаштирилган ҳужжат лойиҳаси президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган. 

Қонун лойиҳасида айтилишича, 21 май Ўзбекистон Республикаси кутубхоначи куни этиб белгиланиши мўлжалланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 7 июнь куни президентнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан қуйидагилар аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни сифат жиҳатидан янада ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалар этиб белгиланди:

ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона фаолиятини ислоҳ қилиш;

аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлаш ҳамда замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш;

ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш, уларни замонавий ускуналар билан таъминлаш;

кутубхона соҳасида давлат-хусусий шерикликни, хусусий ва электрон (виртуал) кутубхоналар тармоғини ривожлантириш;

кутубхоналар фаолиятининг самарадорлигини ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш (шу жумладан, пулли хизмат кўрсатиш) тезкорлигини ошириш учун электрон китоблар тарқатишга ихтисослашган интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтириш;

ахборот-кутубхона муассасалари хавфсизлигини ҳамда миллий ва жаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида ахборот-кутубхона фондларининг яхши сақланишини таъминлаш;

жамиятнинг ахборот маданиятини, тарихимизга ва миллий маданиятга қизиқишини шакллантириш ва кучайтириш, мутолаа маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш;

ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид