01:23 / 01.07.2019
15379

Ёшлар куни вилоятларда қандай нишонланди — Наманган ва Навоийдан фотолар

30 июнь ёшлар куни республикамизда Ёшларнинг энг севимли, уларни бирлаштирадиган байрамга айланиб бормоқда. Бугун Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табриги ҳам эълон қилинди.

Kun.uz мухбирлари вилоятларда ҳам ушбу байрам кўтаринкилик билан нишонлагани ҳақида хабарлар узатишмоқда.

Дилмурод Жумабоевнинг хабар қилишича, Наманганда Ёшлар кунининг асосий тантаналари Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик паркининг амфитеатрида бўлиб ўтган.

Тадбирни вилояти ҳокими Х.Бозоров очиб, президентнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб берган.

Сўнгра Президенти қарори билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар қаторида «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган Косонсой туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг каратэ бўйича мураббийи Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов ва Норин туманидаги «Омадбек бўстони» фермер хўжалиги бошлиғи Темурбек Мўминовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилган.

Адабиёт, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда йил давомида турли ютуқларни қўлга киритган иқтидорли ёшларга, шунингдек вилоят ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар вакилларига вилояти ҳокими Х.Бозоров ва Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қ.Йўлдошев диплом ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширишган.

Кеча «Ватан келажаги сенинг қўлингда» шиори остида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида вилоят ҳокими томонидан ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига автобус совға қилиш ваъдаси берилганди. Бугунги тадбирда вилоят кенгашига ваъда қилинган автобус берилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда ўтказилган «Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича энг намунали туман (шаҳар) ҳокими» танловининг мамлакат босқичи ғолиблари орасидан жой олган Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдуразақов ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғ. Муродхўжаев диплом ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг рамзий мукофоти билан тақдирландилар.Тантанали тадбир Республика ва вилоят санъат усталарининг гала-концерти билан якун топган.

Навоийдан Шуҳрат Шокиржоновнинг хабар беришича, вилоятида Ёшлар куни эрта тонгдан югуриш марафони билан бошланган. Марафонда уч мингдан ортиқ ишчи-ходимлар, ҳарбийлар, ўқувчи-талабалар ҳамда маҳалла ёшлари иштирок этиб, 3 километр масофани босиб ўтиб, ғолиблик учун курашишган.

Ёшлар марказида 500 нафарга яқин ёшлар иштирокида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ташкил этилган. Бу ерда мактабни олтин ва кумуш медаллар битирган ўқувчилар тақдирланган.

 «Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича энг намунали туман (шаҳар) ҳокими» танлови республика босқичи ғолиби бўлган туман, шаҳар ҳокимларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов ва вилоят ҳокими Қ.Турсунов тақдирлаган.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги фаоллиги учун туман, шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман,шаҳар Кенгашлари раислари, бошланғич ташкилот етакчилар ҳамда фаол ёшлар тақдирланган.

Шунингдек, Ёшлар куни муносабати «Мароқанд» базмлар масканида  вилоят ёшлари томонидан 10 та қозонда миллий таом — ош дамланган.

Кечқурун Навоий шаҳридаги амифтеатрда 5000 нафар ёшларни жамлаган галаконцерт олдидан вилоятда «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасининг Марказий кон бошқармаси цех муҳандиси Давронбек Намозов ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейи 1-босқич ўқувчиси Асадбек Тошпўлатовга диплом ва кўкрак нишонлари топширилган.

Top