30 июнь ёшлар куни республикамизда Ёшларнинг энг севимли, уларни бирлаштирадиган байрамга айланиб бормоқда. Бугун Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табриги ҳам эълон қилинди.

Kun.uz мухбирлари вилоятларда ҳам ушбу байрам кўтаринкилик билан нишонлагани ҳақида хабарлар узатишмоқда.

Дилмурод Жумабоевнинг хабар қилишича, Наманганда Ёшлар кунининг асосий тантаналари Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик паркининг амфитеатрида бўлиб ўтган.

Тадбирни вилояти ҳокими Х.Бозоров очиб, президентнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб берган.

Сўнгра Президенти қарори билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар қаторида «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган Косонсой туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг каратэ бўйича мураббийи Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов ва Норин туманидаги «Омадбек бўстони» фермер хўжалиги бошлиғи Темурбек Мўминовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилган.

Адабиёт, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда йил давомида турли ютуқларни қўлга киритган иқтидорли ёшларга, шунингдек вилоят ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар вакилларига вилояти ҳокими Х.Бозоров ва Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қ.Йўлдошев диплом ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширишган.

Кеча «Ватан келажаги сенинг қўлингда» шиори остида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида вилоят ҳокими томонидан ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига автобус совға қилиш ваъдаси берилганди. Бугунги тадбирда вилоят кенгашига ваъда қилинган автобус берилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда ўтказилган «Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича энг намунали туман (шаҳар) ҳокими» танловининг мамлакат босқичи ғолиблари орасидан жой олган Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдуразақов ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғ. Муродхўжаев диплом ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг рамзий мукофоти билан тақдирландилар.Тантанали тадбир Республика ва вилоят санъат усталарининг гала-концерти билан якун топган.