Жамият | 20:00 / 27.07.2019
39213
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда уйи бузилган одамларга компенсация пуллари тарқатиляпти

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг Ашхобод кўчасида яшаган ва ерлари давлат эҳтиёжлари учун қайтариб олинган аҳолига компенсация пуллари тарқатила бошланди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳоли ва ҳокимлик ўртасида юзага келган можаро ҳақида «Хоразмда уйи бузилган одамлар норози бўлишди – вилоят ҳокими 10 августгача муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди» номли мақолани эълон қилган эдик .

27 июль куни тушдан кейин Миллий Банкнинг Урганч бўлими ходимлари томонидан компенсация пуллари тарқатила бошланди. Жараённи Хоразм вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳам кузатди, аҳоли билан учрашиб, суҳбатлашди.

Режага кўра, шу бугуннинг ўзида 207та хонадон эгасига келишув шартномасида кўрсатилган компенсация пулининг 50 фоизи миқдорида, жами 21 миллиард сўм тақсимлаб берилади. 10 августгача эса барча хонадон эгалари билан 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиниши режалаштирилмоқда.

Қайд қилиш жоизки, фуқароларга пул маблағлари рўйхат бўйича тарқатиляпти. Улар томонидан пулнинг қабул қилиниш жараёни видеокамералар орқали ёзиб олиняпти.

Хоразм вилояти ҳокимлиги одамлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш учун Республика бюджетидан қўшимча маблағларни жалб қилган. Жами 394та хонадон эгаси 70 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пулини олиши кўзда тутилмоқда.

Мавзуга оид