Манба: Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши кутилаётган «Volkswagen» автомобиль моделлари маълум бўлди
Ўзбекистон ва Германия президентлари музокаралари якунида имзоланган ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум бўлганди.
Kun.uz'нинг «Ўзавтосаноат»даги манбаси маълумотига кўра, Volkswagen Caddy, Volkwagen Crafter, Volkswagen Tiguan ҳамда Skoda Octavia русумли машиналар Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун танлаб олинган.
«22 май куни ўтказилган музокаралар якуни бўйича Volkswagen компания билан ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган авто моделлар танлаб олинди. Унга мувофиқ, Caddy 5 авлод русуми (7 ўринли йўловчи ташиш учун қулай микроавтобус ва минивэн) ва Crafter (5 тоннагача юк ортиш мумкин бўлган фургон ва 18 ўринли автомобиль), C класс Skoda Octavia ҳамда Tiguan ишлаб чиқарилиши дастлабки режага киритилди», — дейилади манба ахборотида.
«Ўзавтосаноат» АЖ ушбу масалада маълумотларни ошкор этмаслик бўйича келишув имзолангани туфайли, расмий маълумот вақтинча берилмаслигини таъкидлади.
«Завод Самарқандда қурилади»
2017 йили Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг Германияга расмий ташрифи доирасида «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen AG концерни ўртасида JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасида Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи кўрилганди. Лойиҳа 2018-2019 йилларда амалга оширилиши режалаштирилганди.
JV MAN Auto-Uzbekistan Марказий Осиёдаги MAN русумидаги юк ва йўловчи ташишга ихтисослашган транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. 2009 йилнинг август ойида ташкил этилган компания Самарқанд вилоятида жойлашган. Айни пайтда Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси ҳозирда 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга замонавий MAN тижорат автотранспорт воситаларини ишлаб чиқармоқда. Аммо Volkswagen билан эришилган келишув охирги икки йилда қайта эсланмади.
«Ўзавтосаноат» Volkswagen'га истиқболли шерик сифатида қараган
«Ўзавтосаноат» бошқарув раиси лавозимида ишлаган Умиджон Салимов Асакадаги General Motors Uzbekistan акциялари миллийлаштирилгандан сўнг, GM’нинг ўрнига Европа ишлаб чиқарувчиси келиши мумкинлигини таъкидлаганди. 2018 йил май ойларида у эҳтимолий шерик сифатида Volkswagen’ни тилга олганди.
Орадан бир ой ўтиб, Германиянинг Volkswagen автомобиль концерни ва «Ўзавтосаноат» Ўзбекистон ҳудудида биринчи қўшма моделни ишлаб чиқариш бўйича линияни ишга туширишни деярли мувофиқлаштириб олгани маълум қилинди.
«Volkswagen билан ҳамкорликни олти ой олдин бошладик. Уларда бу ерда муқобил ишлаб чиқаришни ташкил этишга маълум бир қизиқиш мавжуд. Бу бизнинг бошқа брендлар ишлаб чиқарилиши бўйича манфаатларимизга мос келди, сабаби мультибрендинг бизнинг устувор вазифаларимиздан бири», — деганди Умиджон Салимов.
Истиқболли йўналиш — бу Amarok пикапи, у мувофиқлаштириш жараёнида бўлган.
Президентнинг Volkswagen вакиллари билан учрашувлари
2019 йил январь ойида Германияга ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказганди. Улар қаторида Volkswagen раҳбарияти ҳам бўлган.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер немис автомобил ишлаб чиқарувчисининг ўзбек бозорида иш бошлашини қўллаб-қувватлаган.
Шунга қарамай, заводни қуриш, компания фаолиятини йўлга қўйиш бўйича расмий маълумот тарқатилмади. Бўлажак завод қаерда иш бошлаши ҳам номаълум.
Маълумот учун, бош қароргоҳи Германиянинг Вольфсбург шаҳрида жойлашган Volkswagen AG дунёдаги етакчи йирик автомобилсозлик концернларидан бири саналади. Концерн дунёга машҳур 20 брендни ўзида бирлаштирган: Volkswagen, Audi, Seat, Skoda, Bentley, Bugatti, Lamborghini, Porsche, Ducati, Scania ва MAN шулар сирасидандир.
Мавзуга оид
22:16 / 28.10.2024
Volkswagen Германиядаги камида учта заводини ёпади
08:30 / 26.09.2024
VW касаба уюшмаси билан иш ҳақи ва қисқартиришлар бўйича келиша олмади
13:49 / 05.09.2024
Volkswagen Германиядаги заводларини ёпишга ҳозирланмоқда
14:53 / 03.09.2024