Жамият | 15:26 / 02.08.2019
14890
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўтказилган сайлов қарори бекор қилинди 

Иллюстратив фото

Қува туман маъмурий суди  «Янгиқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлаш бўйича ўтказилган фуқаролар вакиллари йиғилишининг 2019 йил 13 май кунги 2-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, ҳудуддан жами сайловчиларнинг 12 фоизидан кам бўлмаган сайловчилар рўйхати шакллантирилиб, жами 245 нафар сайловчи иштирокида сайлов ўтказилган. Раисликка номзодлар Р.М. 104та, А.К. эса 91та овоз тўплагани, уларнинг ҳеч бири сайловда қатнашаётганларнинг 50 фоиздан ортиқ овоз олмаганлиги туфайли қайта сайлов ташкил этилган. Иккинчи тур сайлов натижасига кўра, А.К. ғолиб, деб топилди. 

Аммо сайловнинг иккинчи тур жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. Масалан, Я.Т. биринчи тур сайловда 1 маротаба овоз берган бўлса-да, кейинги турда 3 маротаба сайлов бюллетени тўлдирганини тан олган.  Сайловчи А.П эса жами 4 маротаба қоғоз тўлдирган. 

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси 2 қисмига асосан,  фуқаролар йиғини раисини (оқсоқоли) сайлашда фуқаролар йиғинининг ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади.

Суд ишга тақдим этилган далиллар, тарафлар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини ўрганиб, ҳар томонлама текшириб чиқиб, юқоридаги қонун нормалари бузилган, деб ҳисоблади. Қува туман «Янгиқишлоқ» МФЙ раиси сайловини ўтказиш Қува туман фуқаролар йиғини раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси зиммасига юклатилди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид