09:12 / 12.08.2019
10820

Фоторепортаж: Бухорода 10та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди

Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, мана шундай эзгу ташаббус ва бунёдкорлик туфайли республика бўйлаб юзлаб турар жойлар қад ростламоқда. Одамларнинг йиллар давомида ушалмаган орзулари рўёбга чиқмоқда. Бунда давлат раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўляпти. 

Маълумки, Қарор ижросини таъминлаш мақсадида «О‘zshahar qurilish invest» инжиниринг компанияси томонидан ҳудудларда  эҳтиёжманд оилалар учун кўп қаватли арзон турар-жой бинолари қурилмоқда. Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 602та кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилган. Биргина ўтган йилнинг ўзида 16 минг 937та хонадондан иборат жами 411та кўп қаватли арзон уйлар бунёд этилган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 355тани ташкил этади. 

Шу кунларда мамлакатда Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Қолаверса, август ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистонда Қурувчилар куни сифатида белгиланган. Ушбу қўшалоқ байрам муносабати билан Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида 2019 йил дастури асосида қурилган 10та кўп қаватли арзон уй жойларни калитлари байрам туҳфаси сифатида имтиёзли ипотека кредитлари асосида ўз эгаларига топширилди. Шаҳарнинг Амур Темур мавзесида қад ростлаган 7 қаватли 420 хонадонли уйлар барча қулайликларни ўзида мужассам этган. Шинам ва ёруғ, ташқи коммуникация ва ободонлаштириш ишлари ҳам тўлиқ якунланган. Қурилишда асосан маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Сифат нуқтаи назардан замон талабларига тўла жавоб беради. Ушбу уйларнинг ҳар бири 2 йўлак, 42 хонадондан иборат. Хонадонлар жойлашувига кўра, 2 хоналиси 44,2 м2, 3 хоналиси 56,3 м2, 4 хоналиси; 67,4 м2дан иборат. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Бухоро вилоятида 2017 йилда замонавий лойиҳалар асосида жами 6та 7 қаватли 252 хонадонли арзон кўп қаватли уй-жойлар қурилган. 2018 йилда бу кўрсаткич янада ортган. Яъни 10 та 420 хонадонли арзон кўп қаватли уй-жойлар қад ростлаган.

Уйларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда вилоят ҳокими иштирок этди. У шу қурилишни амалга оширишда фаоллик кўрсатган барча қурувчиларни улкан мувоффақият ва касб байрами билан муборакбод этди. Янги хонадон соҳибларини кўркам замонавий уйларга кўчишгани билан қутлади. Сўзга чиққан нуронийлар бугунги янгиланиш ва бўлаётган ислоҳотларга шукроналик айтишди. Янги хонадонларнинг соҳиблари улкан қувонч ва кўз ёшлар ила ушбу бунёдкорлик йиллар давомида кутилган орзуси эканлигини таъкидлашди.

Фото: xabar.uz
Фото: xabar.uz
Фото: xabar.uz
Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

Тадбирда куй-қушиқлар янгради. Янги хонадон сохибларига калит билан биргаликда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Қурилишда намуна кўрсатган ишчилар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда. Айниқса, ҳудудларда барпо этилаётган  кўп қаватли арзон уй-жойга эга бўлаётган ёш оилаларнинг қувончи чексиз.

Top