Ўзбекистон | 07:29 / 17.08.2019
8861
3 дақиқада ўқилади

2020 йил 1 январдан маҳсулот синовлари бўйича янги тартиб жорий этилади 

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Белгилаб қўйилишича, 2020 йил 1 январдан:

аккредитация қилинган синов лабораториялари маҳсулот синовларини “Ўзстандарт” агентлиги расмий сайтида жойлаштирилган синов дастурлари асосида ўтказади;

бир турдаги маҳсулотга нисбатан тасдиқланган синов дастурини иккита ва ундан ортиқ хусусий синов лабораториялари тўлиқ халқаро талаблар асосида ўзлаштирган тақдирда, давлат органлари тизимига кирадиган синов лабораториялари томонидан мазкур маҳсулотнинг синови фақат давлат мониторинги ҳамда назорати мақсадларида амалга оширилади;

маҳсулот сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш идоравий бўйсунувидан қатъий назар аккредитация қилинган синов лабораторияларида ўтказилган ижобий синов натижаларига асосан амалга оширилади;

аккредитация қилинган синов лабораториялари халқаро стандартларга асосан янги синов услубини ўзида жорий этса, уч ой ичида аккредитация доирасини кенгайтириш мажбуриятини олган ҳолда ушбу услуб бўйича мувофиқликни баҳолаш ишларини амалга оширишларига рухсат этилади. Бунда янги синов услубларини қўллашга аккредитация соҳасини кенгайтириш учун белгиланган тартибда тақдим этилган буюртма асос бўлади;

мувофиқлиги тасдиқланиши шарт бўлган маҳсулотлар синовини амалга оширмайдиган ва ташкилотларнинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ташкил этиладиган синов лабораторияларини аккредитация қилиш ўрнига уларнинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби жорий этилади.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган қоидалар ўсимликлар карантини хизмати ва фармацевтика маҳсулотларига татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлигининг 2020 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди:

давлат харидларида, биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда имтиёз ва преференциялар олиш учун корхона ва ташкилотлар ўзлари таклиф этаётган маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш;

импорт қилувчи ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарга мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун бир марталик тўловни базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида қатъий белгилаш ҳамда сертификатлаштириш идораларига тушган сумма солиқ тўловлари тўланганидан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланиши;

сертификатлаштириш идораларига ўз брендларини яратиш ва улардан ўрнатилган тартибда шартнома асосида фойдаланиш амалиётини жорий этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид