Жаҳон | 19:06 / 21.08.2019
74747
2 дақиқада ўқилади

Атамбоевнинг ҳамқишлоқлари Қирғизистон президентига мурожаат билан чиқди

7-8 август кунлари Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлган Арашан ва Қўй-Тош қишлоқлари аҳолиси мамлакат президентига мурожаат билан чиқди.

"Ҳозирда бизнинг фарзандларимизни таъқиб қилишмоқда, уларга таҳдид қилишяпти, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатишяпти", - дейилади мурожаатда.

Унда қайд этилишича, Атамбоевни қишлоқдошлари "виждон амри билан" ҳимоя қилишган.

"7 август куни Атамбоевнинг ҳовлисида бизнинг фарзандларимизга ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ниқобли махсус кучлар ҳужум қилган, барчани, жумладан қариялар ва аёлларни дўппослай бошлашган. Қонунда фуқаролар жумладан махсус кучларнинг ноқонуний ҳаракатларидан ўзларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги айтилган. Ва биз бу ҳуқуқдан фойдаландик", - дейилади мурожаатда.

Мурожаатда қайд этилишича, "фожиали воқеаларда ҳар икки томон айбдор. Махсус кучлар ва милицияни мутлақо кераксиз ва жиноий операцияга йўллаганларнинг жавобгарлиги ҳақидаги масала эса кун тартибидан умуман ўрин олмаган".

7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш бўйича операция қаттиқ қаршиликка учради. Атамбоев эртаси куни таслим бўлди.

Мавзуга оид