Ўзбекистон | 11:56 / 26.08.2019
17264
3 дақиқада ўқилади

Давлат улуши юқори бўлган корхоналарда янгича тартиб жорий этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар икки ой муддатда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат улуши юқори бўлган корхоналарга тегишли юридик шахслар бошқарув органлари йиғилишларида:

корхона раҳбарининг маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот технологиялари масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимини киритиш ҳамда унинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигининг асосий кўрсаткичларини тасдиқлаш;

маҳсулотлар сотиб олиш бўйича импорт шартномалари (уларга қўшимча шартномалар) ва уларнинг техник талабларини корхона раҳбарининг маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот-технологиялари масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан келишиш;

харидлар жараёни шаффофлиги ва асослилиги, шу жумладан маҳаллий маҳсулотларнинг сифат ва нарх бўйича белгиланган параметрларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда импорт харидларини, шунингдек валюта ресурсларидан самарали фойдаланилишини ҳар чоракда ташқи аудитдан ўтказиш механизмини жорий этиш;

корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари натижадорлиги юзасидан раҳбар ва ходимлар томонидан амалга оширилган ишлар самарадорлигидан келиб чиқиб, уларни рағбатлантириш ёки жазо чораларини кўриш мақсадида, бошқарув органлари йиғилишларида ҳисоботларни тинглаш амалиётини жорий этиш масалаларини кўриб чиқиш;

корхоналарда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган дастурий таъминотларни жорий қилиш ташаббуси билан чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳар йили янгиланиб бориладиган мазкур қарорнинг 6-банди талаблари жорий этиладиган юридик шахслар рўйхатини шакллантиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид