Ўзбекистон | 13:31 / 26.08.2019
7307
5 дақиқада ўқилади

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ҳуқуқлари кенгайтирилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ—5742-сон “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ўрмон фонди ерларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга беришга рухсат берилган.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

а) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа асосида:

ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, уларни камида бир йил давомида парвариш қилиш ва инфраструктура объектларини қуриш;

барпо этилган ўрмонлар остидаги ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини юридик ва жисмоний шахсларга нархни ошириб бориш шаклида ўтказиладиган ким ошди савдолари асосида сотиш, бунда бошланғич тўлов миқдорини Жамғармадан сарфланган харажатлардан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;

ўрмон фонди ерларини ижарага олиш ҳуқуқини сотиш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш;

б) ўрмон фонди ерларини инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш;

в) ўрмон фонди ерларини ижарага беришдан тушадиган маблағларни тўлиқ Жамғарма даромадига ўтказиш.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

Ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача бўлган муддатда ўрмон хўжалигини ривожлантириш концепцияси лойиҳаларини киритади.

Белгиланишича, юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга ва реконструкция қилишга (ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, лимонарий ва иссиқхоналар илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ) рухсат беришда давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган шартномалар ўрмондан фойдаланувчи ёки ижарага олувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2020 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фонди ерларида содир этилган, ўрмонлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш талабларини бузишга доир ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузиш ҳамда уларга асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини (судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган ишлар бундан мустасно) ўрмон хўжалиги органлари мансабдор шахсларига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 88-моддасига мувофиқ ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тушадиган маблағлар алоҳида ҳисобга олиб борилиши ҳамда улардан ўрмонлар ва ўрмон мевали дарахтзорларини барпо этиш ва тиклаш, қумли ерлар, сув ҳавзалари ҳамда дарёларнинг қирғоқбўйи минтақаларида дарахтзорлар барпо этиш, шунингдек, ўрмон ерлари ҳолатини яхшилашга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

Белгиланишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартибида тушадиган маблағлар ҳамда ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш учун бериладиган квоталардан тегишли ташкилотлар ихтиёрида қолдириладиган тушумлар Жамғарма даромадига ўтказилади.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи Ўзбекистон Республикасида 2020-2024 йилларда ўрмон хўжалигини ривожлантириш дастури:

2020-2024 йилларда дарахт ва буталарнинг уруғларини тайёрлашнинг прогноз кўрсаткичлари;

2020-2024 йилларда дарахт ва буталарнинг ниҳол ҳамда кўчатларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;

2020-2024 йилларда тут дарахти кўчатлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;

2020-2024 йилларда ўрмон фонди ерларида ҳудудлар бўйича ўрмон барпо этиш прогноз кўрсаткичлари;

2020-2024 йилларда чорвачилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантиришнинг прогноз параметрлари;

2020-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз параметрлари;

2020-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат ўрмон хўжаликлари бўйича доривор ўсимликлар етиштириш ва тайёрлаш прогноз кўрсаткичлари;

2020-2024 йилларда мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорлари барпо этиш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мавзуга оид