Ўзбекистон | 10:53 / 10.09.2019
2654
2 дақиқада ўқилади

Норвегия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга ташриф билан келади

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 9 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Норвегия ТИВнинг махсус элчиси Кнут Воллебек билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси делегациясининг жорий йил июнь ойида Норвегияга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама этилди. Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва икки томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Охирги йилларда Ўзбекистон ва Норвегия ўртасидаги муносабатлар анча фаоллашгани ва бу мамлакатимиз ташқи сиёсатининг очиқлиги ҳамда унинг ҳамкорлар билан амалий ва ўзаро фойдали шерикликни кенгайтиришга тайёрлигидан дарак бериши қайд этилди.

Норвегия томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Норвегия Ўзбекистон билан ҳар томонлама муносабатларни фаоллаштиришдан манфаатдорлиги ва яқин орада юксак даражадаги делегацияни республикага юбориш режалаштираётгани таъкидланди. Хусусан, Норвегия ТИВ раҳбари Ине Сорейденинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш бўйича ишлар борасида сўз юритилди.

Шунингдек, учрашувда Оролбўйи бўйича кўп шериклик асосидаги траст фонди доирасида ҳамкорлик қилиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашни донор давлатлар ва хайрия ташкилотлари орасида биргаликда тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид